Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашида Ўзбекистон биринчи маротаба иштирок этди
Жорий йилнинг 10-12 март кунлари Тайланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Бирлашган миллатлар ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси минтақада хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграция бўйича глобал шартномани амалга оширилишини кўриб чиқиш мақсадида, пандемияни ҳисобга олган ҳолда офлайн ва онлайн тарзда минтақавий йиғилиши ўтказилмоқда.

Минтақавий йиғилишнинг мақсади – Осиё ва Тинч океани минтақасида хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграция бўйича глобал шартномани амалга оширишдаги камчилик ва ютуқлар жумладан, коронавирус пандемияси оқибатларини ўрганиш.

Йиғилишда Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси аъзолари, ҳукуматлараро ташкилотлар, БМТнинг органлари, ихтисослашган муассасалари ва фондлари, нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти ҳамда бошқа тегишли манфаатдор томонлар вакиллари иштирок этмоқда.

Ушбу йиғилишда Ўзбекистон томондан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова онлайн тарзда иштирок этмоқда.

Мазкур нуфузли тадбирнинг жорий йил 11 март кунги сессиясида мавзу юзасидан Ўзбекистон тажрибаси тўғрисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова сўзга чиқди.

Таъкидланишича, CОVID-19 пандемиясининг глобал авж олиши мигрантлар соғлиғи учун хавф-хатарни кучайтирди, мигрантлар бўладиган ва кириб чиқадиган транзит мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимларидан ва бошқа ижтимоий ҳимоя тизимларидан фойдаланиш имкониятларининг етишмаслиги уларнинг аҳволини қийинлаштирди. Пандемия ва карантин режимининг иқтисодий таъсири, айниқса, мигрантларга сезиларли бўлди.

Вазият шуни кўрсатадики, ҳар бир давлат миграция сиёсатини амалга оширади ва миграция билан боғлиқ ўз тажрибасига эга, лекин ҳеч бир давлатнинг ёлғиз ўзи миграция туфайли келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қила олмайди. Миллий миграция сиёсати қачон муваффақиятли бўлади, қачонки, бутун жамият ва барча давлат тузилмалари жалб қилган ҳолда халқаро миграция соҳасида инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларни ҳурмат қилишга асосланган ҳолда халқаро ҳамкорликни олиб борсагина бунга эришиш мумкин.

Ўзбекистонда ҳам мигрантлар ҳуқуқларини кафолатлаш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йил сентябр ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини такомиллаштириш, чет элда ишлашни истаган шахсларни ўқитиш, чет элда бўлиш пайтида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, шунингдек қайтиб келган меҳнат муҳожирлари, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори қабул қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш мақсадида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасида уч асосий босқични ўз ичига олган уюшган, хавфсиз ва қонуний миграция механизми жорий этилмоқда:

Биринчидан, чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишни истаган шахсларни ишга жўнаш олдидан бир қатор хизматларни тақдим этган ҳолда ўқитиш. Шу жумладан: консалтинг, бозорда талаб қилинадиган касбга ўқитиш; тадбиркорликни ўқитиш; тилни ўргатиш ва бошқалар.

Иккинчидан, меҳнат муҳожирларини чет элларда ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш. Ўзбекистон Республикасининг Бош консулликларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, шунингдек ташқи меҳнат бўйича республика комиссияси ташкил этилди.

Учинчидан, ўз ватанига қайтиб келган меҳнат муҳожирларини реинтеграциясига ёрдам кўрсатилади. Шундай қилиб, Ташқи меҳнат миграцияси ва ватанига қайтиб келган меҳнат мигрантларини қайта интеграциялаш дастурлари бўлими Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибида ишлайди. Ватанига қайтиб келган меҳнат муҳожирларининг иш билан таъминлаш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун квотали иш ўринлари тақдим этилади. Бандликка кўмаклашиш хизматининг янги тури - бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилмайдиган моддий ёрдам шаклида субсидиялар ва грантлар бериш жорий этилди.

Миграция пайтида болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини чеклаш билан боғлиқ хавф катта ташвиш туғдиради. Боланинг манфаатлари доимо миграция сиёсати ва амалиётининг марказида бўлиши керак. Миграция сиёсати миграция таъсирида бўлган болалар миллий тизимлардан, шу жумладан ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, адолат ва ижтимоий хавфсизлик тармоқларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаши ва оилавий ҳаёт ва оилани бирлаштириш ҳуқуқини ҳурмат қилиши ва қўллаб-қувватлаши керак.

2019-2021 йилларда Ўзбекистон хорижда бўлган, мамлакат ташқарисида қийин аҳволга тушган фуқароларнинг муаммоларини тез ва ижобий ҳал этиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ чоралар кўрди. Уларни ўз ватанига қайтишини таъминлади. Жами 300 нафар болалар ва 100 нафардан ошиқ аёллар Ўзбекистонга репатриация қилинди.

"Сурия ва Ироқдаги қуролли тўқнашувлардан жабр кўрган Ўзбекистон болаларининг ватанига қайтарилиши ва уйғунлашуви" тўғрисида ҳужжат тайёрланди ва ижобий тажриба сифатида минтақада тарқатиш учун тавсия этилди.

Репатриация бошланишидан олдин Ўзбекистон ҳукумати қайтиб келган оилалар ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган идоралараро тадбирлар режасини ишлаб чиқди ва қабул қилди. Ҳукумат, шунингдек, жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган 14 ёшдан ошган қайтиб келган аёллар ва болаларга амнистия тўғрисида қарор қабул қилди. Ушбу қарор ватанга қайтарилиш бошланишидан олдин қабул қилинган ва баъзи кишиларнинг қайтиб келиш қарорига таъсир қилган омиллардан бири бўлиши мумкин. Болаларни биринчи навбатда жабрланган деб тан олиш халқаро ҳуқуқ ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мос келади.

Миграция бўйича Глобал Шартнома мигрантларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган муҳим ташаббусдир. Ҳужжатларни тақдим этиш, одам савдосининг олдини олиш, муҳожирларнинг ва бошқаларнинг хавфсиз қайтиши ва интеграциясига кўмаклашиш каби ҳамкорлик Шартноманинг мақсадларига эришиш учун болаларнинг манфаатлари ва ҳуқуқлари бўлиши кераклигини таъкидлаш муҳимдир. Шартномани болалар ҳуқуқлари ва энг устун манфаатларини таъминлаш призмаси орқали амалга ошириш учун биринчи даражали ва барча чораларни кўриш зарур.

Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 46-сессиясида сўзга чиқиб, Ўзбекистон бундан буён ҳам халқаро мажбуриятларни изчил бажариш, шу жумладан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг барчасини тўлиқ амалга оширишда давом этишини баён қилди.

Йиғилиш ўз ишини 12 март куни ҳам давом эттирмоқда. Тадбир якунлари бўйича Осиё ва Тинч океани минтақасида хавфсиз, тартибли ва мунтазам миграция бўйича глобал шартномани амалга оширишдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан фойдали тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати