Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Муносабат: белгиланган вазифаларни бажаришга ҳар бир халқ вакили масъул
Президентимиз 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди. Давлатимиз раҳбари миллий ривожланишимизнинг янги даври бошлангани, аҳолимиз сони 36 миллиондан ошганлиги, ҳар йили 900 мингта янги авлодимиз сафимизга қўшилаётганлигини алоҳида таъкидлади. Бу биринчи навбатда ҳар биримиздан тинимсиз меҳнат қилишни талаб этаётганлигини айтди. Тинимсиз изланяпмиз,тинимсиз ўрганяпмиз, дунёнинг қайси давлатига бормайлик албатта тажриба ўрганяпмиз, изланяпмиз, деди мамлакатимиз раҳбари. Бугунги дунё – синовли дунё. Тажриба эса тараққиёт учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлайди.

Тараққиёт жасоратли меҳнатда. Сенатор ва депутатларни, давлат хизматчиларини, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини ислоҳотлар самараси, мамлакатнинг ёрқин истиқболи учун Президент жасоратли меҳнатга даъват этмоқда. Бу йилги мурожаатнома ўзининг янада халқчиллиги билан алоҳида ажралиб турди. Унда мамлакат халқи ҳаёти учун зарур бўлган бирор соҳа четда қолмади. Иқтисодиёт, Инвестициялар, тадбиркорлик, хусусийлаштириш масалаларида яратилаётган кенг имкониятлар мамлакат тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиздир. Айниқса ижтимоий ҳимоя, таълим-тарбия, оила ва маҳалла ҳамкорлиги, маданиятни ривожлантириш, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, янги механизмлар асосида ишларнинг ташкил этилиши ушбу соҳаларда мавжуд муаммоларни ечишга хизмат қилади.  

Президентимиз янги 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилди. Бу биринчи навбатда ўсиб келаётган ёш авлоднинг сифатли билим олиши, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлиги нуқтаи назаридан ишларни ташкил этишнинг қайта кўриб чиқилиши имкониятидир. Энг аввало, жамиятимизда ўқитувчининг мақомини ошириш, мактабларда фанларни, жумладан, она тили ва чет тилларини сифатли ўқитиш, мактаб битирувчиларининг касбга эга бўлишини таъминлаш каби масалалар долзарблиги эътироф этилди. Бугунги катта муаммомиз мактабни битираётган ёшларнинг 50 фоизи билимсиз, касб ҳунарсиз катта ҳаётга чиқишидир. Келгуси йилда мактабларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш учун алоҳида маблағ ажратилмоқда. 70 та янги мактаб қурилиши, 460 мактабнинг қўшимча бинолар қурилиши эвазига кенгайтирилиши кутилмоқда. Мактабларни икки сменада ишлаши, фақат бир сменада ишлашини таъминлаш ҳам режаларга киритилган. Барча мактабларда бошланғич синфлар учун 1 марталик бепул овқатланишни ташкил этиш режалаштирилган.  

Шунингдек, сифатли таълим Олий таълимга ҳам тааллуқли бўлиб, бугунги кунда сони 198 тага етган Олий таълим муассасаларда энди сон эмас, сифатга эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланди. Мамлакатимиз раҳбари Олий таълимдаги коррупцион ҳолатларга депутат ва сенаторлар ҳам бефарқ бўлмасдан, халқ вакили сифатида бу жараёнларни назоратга олишлари зарурлигини уқтирди. Мурожаатномадан ўрин олган яна бир йўналиш – Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари йўналишидир. Ушбу йўналишда мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилгани ҳеч кимга сир эмас. Биргина, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтини ривожлантириш учун амалга оширилган ислоҳотларни олиб кўрсак, дунё мамлакатлари эътироф этаётган эътиборга молик ишларимизни санаб ўтишнинг ўзи етарлидир.  

Мурожаатномада бу борадаги ишларда мавжуд бўлган айрим муаммолар ҳақида айтиб ўтилди. Жумладан, суд жараёнларида одамларнинг сарсонгарчиликлари, адвокатларни танлашдаги электрон платформаларнинг яратилмаганлиги, тергов жараёнларидаги айрим ҳолатларнинг чўзилишида мутахассислар билимининг етарли эмаслиги, прокурорнинг суд мажлисида иштирок этишидаги айрим муаммолар ва бошқалар ҳақида танқидий руҳда гапирилди. Одил судлов борасида янги фармон тайёрланаётганлиги ҳақида таъкидланди. Айрим ваколатлар прокуратурадан судга олиб берилиши ҳақида айтилди.  

Умуман мурожаатномада Президентимиз келгуси 2023 йилда мамлакатда амалга ошириладиган муҳим йўналишлар бўйича вазифаларни белгилаб берди. Ушбу вазифаларни бажаришга ҳар бир халқ вакили масъулдир.  

Абира Ҳусейнова,  

Сенат аъзоси, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили, профессор