Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкумлар Омбудсманга қандай масалаларда мурожаат қилишмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкума Г.П. даволанишида амалий ёрдам берилиши бўйича мурожаат қилди. Мазкур мурожаат назоратга олиниб, жойига чиқиб ўрганиш ва тегишли чоралар кўриш учун Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Женисбай Шлымбетовга юборилди.  

Аниқланишича маҳкума Г.П. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Мурожаатни ўрганиш давомида маҳкума билан ҳоли тарзда суҳбат ўтказилганда, у саратон касаллигига чалингани, тергов ҳибсхонада даволанаётганлигини, лекин, соғлиги кундан кунга оғирлашаётганлигини билдириб, ихтисослаштирилган тиббий муассасаларда даволанишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради.

Омбудсман минтақавий вакили томонидан кўрилган чоралар натижасида маҳкума Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон филиалига даволаниш учун юборилди. Маҳкума 2 ойдан ортиқ вақт давомида ушбу муассасада керакли муолажаларни олган.

Маълумки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий равишда жазони ижро этиш муассасаларига бориб, маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганиш билан бирга улар мурожаатларини ҳам қабул қилишади.

Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Муродилла Нормуродов Косон туманидаги 10-сонли жазони ижро этиш муассасасида сайёр қабул ўтказганида маҳкум Қ.Х. оиласи ижтимоий ёрдамга муҳтожлигини маълум қилди. У мурожаатида, вояга етмаган фарзандлари борлиги, турмуш ўртоғининг ишлаб топгани оилани тебратишга етмаслиги сабабли у бола пули олишга ҳаракат қилаётганлигини маълум қилган. Аммо маҳкум шахсини тасдиқловчи ҳужжатини янгилаш муддати ўтиб кетгани сабабли ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар юзага келганини билдирди.

Маҳкум оиласининг ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, унинг аризаси бўйича тегишли органларга мурожаат қилинди ва унга шахсни тасдиқловчи ҳужжат ID карта расмийлаштирилди.

Шунингдек, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакилига 36-сон Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган бухоролик маҳкум т.И. оиласига моддий ёрдам кўрсатилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аниқланишича, 2020 йилда табиий офат сабабли маҳкумнинг оиласи яшаб келаётган Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги уйга зарар етган. Табиий офат натижасида зарар кўрган оилаларга ҳокимият томонидан қурилиш материаллари олиб берилган. Маҳкум мурожаатида уйни капитал таъмирлашни исташи, бунинг учун яна қўшимча қурилиш маҳсулотларини сотиб олиш кераклигини, лекин моддий имконияти йўқлиги сабабли  ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Навоий ва Бухородаги минтақавий вакиллари ҳамкорлигида кўриб чиқилди. Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили Абира Хусейнова мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида маҳкум оиласи яшаётган манзилга борди. Ўрганиш давомида ҳақиқатдан ҳам маҳкум оиласи оғир шароитда яшаши маълум бўлди. Уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича туман ҳокимиятига мурожаат қилиниб, керакли қурилиш материаллари олиб берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати