Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси билан учрашув бўлиб ўтди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 август куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб турар жой масалалари бўйича Махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакатимиздаги уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиниши борасидаги қонунчилик ва унинг ижроси, жумладан, уй-жойнинг арзонлиги ҳамда яроқлилиги, хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ва мажбурий кўчириш масалаларини ўрганмоқда.

2024 йилнинг 20 август куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Махсус маърузачи Балакришнан Ражагопал ҳамда махсус маърузачи котибиятининг бошлиғи Гуннар Тейссен билан учрашди. Мазкур учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Жамшид Урунов, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) бўлим бошлиғи Саттор Рахматов, Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматовлар иштирок этишди.

Учрашувда Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича аниқ механизмлар яратилганлиги ва бу борадаги қонунчилик доимий равишда такомиллаштирилиб борилаётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, 2020-2023 йиллар давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) турар-жой билан боғлиқ масалаларда фуқаролардан 5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида  фуқаролар фойдасига 1 млрд 305 млн сўм компенсация маблағлари ундирилган.Ўзаро мулоқот давомида ушбу йўналишда аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва хабардорлигини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан республика бўйлаб, фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбирларининг муҳимлиги  қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Болалар омбудсмани вакиллари ҳам ушбу масала юзасидан чиқиш қилишди.

Суҳбат давомида Махсус маърузачи Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонда фуқароларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жумладан аҳолининг кам таъминланган қатламини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этар экан, бу борада Омбудсман институти фаолиятининг долзарблигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, Омбудсман институтлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати