Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ўртасида икки томонлама Меморандумлар имзоланди
2022 йилнинг 28 июнь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) ташкилотлари билан ҳамкорликда Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I-Форуми ўтказилди. Мазкур форум “Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги” мавзусига бағишланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган.

Қайд этиш лозимки, Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг илк Форуми айнан Ўзбекистонда ўтказилди. Бундан буён ҳам инсон ҳуқуқларининг таъминланишида тажриба алмашиш майдони бўлган мазкур Форум Марказий Осиё давлатларида анъанавий равишда ҳар йили ташкил этилиши режалаштирилган.

Мазкур Форумни ташкил этишдан асосий мақсад, Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини долзарб масалалари бўйича минтақавий муҳокамалар ташкил қилиш ҳамда бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштиришдан иборат.

Форумда Олий Мажлис Сенат раиси ва аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Халқаро қамоқхоналар ислоҳотининг (PRI) Марказий Осиёдаги ваколатхонасининг Минтақавий дастурий менеджери, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари Омбудсманлари шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Қайд этиш лозимки, 1995 йил 23 февраль куни МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Омбудсман институти жорий этилган. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) кўплаб фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этиш жумладан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Бир қанча хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди, Халқаро Омбудсман институти, Европа Омбудсман институти, Осиё Омбудсманлар Ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Ассоциацияси ҳамда Евроосиё Омбудсманлари Альянси каби халқаро ташкилотларнинг тўла қонли аъзоси бўлди.

Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ўртасида икки томонлама Меморандумлар имзоланди. Мазкур меморандум Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га 2021 йилда жами 18 738 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 60га яқини хорижий давлатлардан юборилган. 2022 йилнинг 6 ойи давомида хорижий давлатлардан юборилган мурожаатлар сони 32 тани ташкил этади. Ушбу мурожаатларнинг кўп қисми Марказий Осиё давлатлари ҳисобига тўғри келади. Шу нуқтаи назардан ҳам Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида фуқаролар мурожаатларини ҳамкорликда кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.

Мазкур халқаро Форум уч сессиядан иборат бўлди. Унда хотин-қизлар, болалар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар ҳуқуқларининг таъминланиши борасида ўзаро тажриба алмашилди.

Форум якунида Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари I-Форуми Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати