Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратиш бўйича ишлар жадаллаштирилиши лозим
 Орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг жисмоний имконияти чекланган, лекин маънавияти юксак, руҳи эса жуда кучли ва матонатли. Афсуски, ногиронлиги бўлган шахслар кўпинча ишлаш, таълим даражасини ошириш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Ҳозирги пайтда уларнинг сони жаҳон миқёсида таҳминан 1 миллиард нафарни ташкил этади. Аксарият ҳолларда улар камситиш ва “қўли калталик”дан азият чекадилар. Албатта, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги энг катта масъулият давлат зиммасига тушади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини 2009 йил 27 февралда имзолаган, бироқ, уни ратификация қилиш масаласи ҳал этилмаган эди. Давлат раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ушбу масала илгари сурилиб, имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини халқаро нормаларга мувофиқлаштириш, алоҳида қонун қабул қилиш лозимлиги таъкидланган эди.

Мазкур йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегиясининг 2020 йилги Давлат дастурига мувофиқ, 2020 йилнинг 15 октябрь куни мамлакат Президенти томонидан янги таҳрирдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонун имзоланди.

Мазкур қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий принциплари белгилаб берилди. Шунингдек, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти янада такомиллаштирилди ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга оид қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди.

Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи билдирилган ва Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидланган эди.

Юртбошимизнинг халқаро ташаббуси доирасида, Ўзбекистон Парламенти томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинди.

Мазкур Конвенция - ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. У мавжуд шароитлардан фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек тенглик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади.

Бир сўз билан айтганда, эндиликда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликнинг ҳам миллий, ҳам халқаро асослари мавжуд. Галдаги долзарб масала – ушбу нормаларда белгиланган вазифаларнинг самарали ижро этилишидан иборат.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) манзилига ҳам ногиронлиги бўлан шахслар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади ва улар шахсан Омбудсман назоратига олинади. 2020 йилги мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, имконияти чекланган шахслар кўпинча ногиронликни белгилашда ортиқча оворагарчилик ва сарф-ҳаражатларни келтириб чиқарувчи омилларнинг мавжудлигидан, иш топишда тўсиқлар борлигидан норози бўлиб мурожаат қилишган. Қолаверса, аризалар орасида уй-жой ажратишдаги имтиёзлардан фойдаланиш ва махсус аравача, протез ва бошқа воситаларни бепул ажаратилиши кўмак сўраб мурожаат этишган.

Алоҳида қайд этиш керакки, бу каби масалалар жорий йил кучга кирган Ўзбекистон Республикаси "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонуни билан ўз ечимини топиши белгиланган. Унга кўра, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти янада такомиллаштирилиб, текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида бепул амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, имконияти чекланганларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ қатор масалалар ҳам Қонун даражасида белгиланди. Ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг спорт иншоотлари, дам олиш, шунингдек туристик объектлардан бепул фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши, уларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида тегишли чоралар кўриши, ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, парвариш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқи шулар жумласидан.

Қолаверса, қонун билан ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлаш, бунда имконияти чекланган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилиши ва бошқа шу каби қатор имтиёзлар ва ҳуқуқлар белгиланган.

Энг муҳими, қонуннинг 6-моддасида ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик тамойили акс эттирилган. Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш ҳолатлари, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишни рад этиш тақиқланади.

Ушбу норманинг нозик бир жиҳати борки, бу тегишли давлат ташкилотлари ва ҳокимиятларга анчайин мураккаб, залворли ва молиявий томондан яхшигина маблағ талаб этувчи вазифаларни юклайди. Бу – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий объектларда ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракат қилиши учун шарт-шароитларни яратишдир. Тўғри, шу кунга қадар ҳам бино ва иншоотлар, йўлаклар, транспорт воситаларининг маълум бир қисмигина ногиронларнинг эркин ҳаракатланиши учун мослаштирилди, лекин бу етарли эмас. Бундан буён ногиронлиги бўлган шахсларни ҳеч бир шаклда камситилишларига йўл қўймаслик учун ҳам, авваламбор, қулай муҳитни таъминлашнинг аниқ механизмларини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Имконияти чекланган шахслар ҳар қандай ижтимоий объектлардан ва хизматлардан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдалана олишлари шарт. Шу билан бирга, уларни таълим билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида инклюзив таълим олиш ҳуқуқини амалга ошириш механизмларини қайта кўриб чиқиш лозим.

Бу борада нафақат давлат тузилмаларининг, балки фуқаролик жамияти институтларининг ҳам фаоллиги талаб этилади. Хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган шароитларни яратиш бўйича барча нодавлат нотижоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ишлашга тайёр.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Омбудсман институти билан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, унинг доирасида аҳолининг ногирон қатламларига тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари учун кўмаклашиш, меҳнатга жалб этиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу йўналишда уларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ҳамкорликда ишланмоқда. Ўйлайманки, бу борадаги амалий ишларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш давр талабига айланди. Шу жиҳатдан Омбудсман институти томонидан мамлакатимизда ногиронлик соҳасида фаолият юритаётган 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда жойларда янги таҳрирдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан биргаликда мазкур хужжатнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шуниси эътиборлики, БМТга аъзо давлатлар дастлабки миллий маърузани Конвенция ратификация қилинганидан сўнг 2 йил ичида, кейинчалик ҳар 4 йилда бир марта тақдим этишлари белгиланган. Демак, жаҳон ҳамжамиятига бу борада дастлабки ҳисоботни тақдим этишимизга вақт етарли. Агар шу муддат мобайнида барчамиз бирлашган ҳолда ҳаракат қилсак, нафақат пойтахт, балки республика бўйлаб ногиронларнинг муносиб яшаши, ўқиши, меҳнат қилиши, даволаниши ва дам олиши учун мослаштирилган шароитларни яратилишига эриша оламиз. Демак, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон, ҳаттоки жисмоний имконияти чекланган бўлса ҳам ҳаётидан рози бўлиши учун ҳаракат қилсак, шу саъий-ҳаракатларимиз натижасидан бутун жамиятимиз баҳраманд бўлади.

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)