Маълумки, Давлат раҳбари томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада қийноқларнинг олдини олиш борасида Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши ва натижалар бўйича Парламентга ахборот тақдим этиши белгиланган.
Таъкидланишича, ҳар иккала ташкилот ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳкумларнинг жиноят ижроия қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг кафолатларини кенгайтириш бўйича самарали ҳамкорликни давом эттиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жазони ижро этиш Департаменти бошлиғи Рустам Турсунов ўз сўзида Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият олиб борувчи жамоатчилик вакилларидан иборат эксперт гуруҳининг жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари давомида бериб келаётган ўринли таклиф ва тавсиялари, ҳамкорлик истиқболларини юқори босқичга олиб чиқиш йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, мазкур муҳим ҳужжат ҳам Омбудсман ва Жазони ижро этиш департаменти ўртасидаги муносабатларнинг изчил ва босқичма-босқич ривожланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматованинг таъкидлашича, 2019 йилда ташкил этилган Миллий превентив механизм доирасида амалга оширилган мониторинглар орқали жазони ижро этиш муассасасидаги камчиликлар бартараф этилиб, маҳкум ва маҳбусларга яратилган шарт-шароитлар яхшиланиб бормоқда. Қолаверса, ходимларнинг ҳам жазо муддатини ўтаётган шахсларга нисбатан муносабати ижобий томонга ўзгарган.
Шунингдек, Омбудсман ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаганликлари ва бу борада ҳар иккала давлат ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифалар устида янада самарали ишлашимиз зарур эканини қайд этди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати