Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механизм фаолияти янада кучайтирилди
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқларга қарши курашиш масалаласи жуда кенг ҳамда доимий изланиш ва ўрганишни талаб қилгани учун ҳам дунё ҳамжамияти ушбу иллатга қарши курашда кучларни бирлаштириш, халқаро миқёсда бажарилиши мажбурий бўлган нормаларни ишлаб чиқиш йўлидан бормоқда.

Маълумки, озодликда бўлган инсонларга нисбатан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасалардаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бироз мураккаб бўлган жараён. Чунки, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда бўлаётган ҳодисалар доим ҳам жамоатчилик назоратида бўлавермайди.

Шунинг учун ҳам 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенцияга доир Факультатив протоколи билан миллий превентив механизм (МПМ) ташкил этилиши назарда тутилган.

Миллий превентив механизм – қийноқнинг ҳар қандай кўринишларининг олдини олиш мақсадида мустақил халқаро ва миллий органларнинг озодликдан маҳрум этилган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам ташрифлар тизимини яратишдир.

Мамлакатимизда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида қийноқларга қарши курашиш борасида муҳим қадам қўйилди. 2019 йилда илғор халқаро тажрибаларга асосланиб, омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди ва тегишли қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланди. Унга мувофиқ Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриши белгилаб берилди.

Ҳозирда қулоғимизга тез-тез чалинаётган “жамоатчилик назорати” термини сўнгги йилларда хаттоки ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларгача етиб келди. Чунки, Омбудсман ҳузурида тузилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашувчи эксперт гуруҳи таркибига нодавлат нотижорат вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам киритилди.

Эксперт гуруҳи томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга, яъни маъмурий қамоққа олинган, жиноят ишини юритиш чоғида қамоққа олинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазоларга ҳукм қилинган, мажбурий даволаш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда.

Шу кунга қадар 2019 йилда 46 маротаба, 2020 йилда 71 маротаба, 2021 йилда эса 128 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди.

Шунингдек, МПМ доирасида маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан келиб тушаёган мурожаатлар сони ҳам йил сайин ортиб, Омбудсман институтига бўлган ишонч янада ортди. Рақамлар статистикасига кўра, 2017 йилги мурожаатлар 565 тани ташкил қилган бўлса, 2020 йилга қадар бу кўрсатгич 1 563 тага етди. 2021 йилнинг 11 ойида эса маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошларидан 2 058 та мурожаат қабул қилинган.

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш каби масалалар устувор йўналишлар сифатида белгиланди ва Омбудсман ҳузуридаги МПМ фаолияти янада такомиллаштирилди. Жумладан, Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш, қийноққа солиш ҳолатларини экспертлик баҳолаш масалалари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш каби вазифалар юклатилди.

Қолаверса, Омбудсман экспертлик гуруҳи негизидаги Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб қилиши белгиланди. Бунда уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун касбий малакаси ва амалий билимларга эга бўлишини ҳамда гендер тенглиги таъминланиши ҳисобга олинади.

Қайд этиш лозимки, мониторинг жараёнларига оммавий ахборот воситаларининг ҳам жалб қилиниши инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатининг ёпиқ муассасаларга ҳам етиб борганини аҳолига кўрсатиш, ушбу объектлардаги шарт-шароитларнинг халқаро стандартларга мослашаётганини кўрсатиш имконини берди.

Жорий йилда Омбудсман бошчилигида амалга оширилган мониторинг ташрифларини ёритган оммавий ахборот воситалари вакилари маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий хизматдан фойдаланиш каби шароитлари билан танишиш баробарида маҳкум ва маҳбуслар билан шахсан мулоқот қилдилар.

Ўтган давр мобайнида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга юборилди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштиришга ва уларни муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади.

Темурбек ХАЙИТОВ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг бўлими бошлиғи