Таъкидлаш лозимки, коррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”[1].
Коррупцияга қарши курашишнинг устувор ҳуқуқий асослари қатор халқаро ҳуқуқий нормаларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
- 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган БМТ нинг Коррупцияга қарши Конвенцияси;
- 2000 йил 15 ноябрда қабул қилинган БМТ нинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенцияси;
- 1999 йил 27 январдаги Европа Кенгашининг “Коррупция учун жиноий жавобгарлик тўғрисида” ги Конвенцияси;
- 1999 йил 4 ноябрдаги “Коррупцияга учун фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик тўғрисида” ги Конвенциялари ва бошқалар.
Ўзбекистон юқорида таъкидланган халқаро нормалардан 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенцияси, шунингдек, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул Ҳаракат режасини ратификация қилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномаси. https://www.press.uz/. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати расмий wеб-сайти.
қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.
Фармон билан, Агентликка Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи миллий индекс тузишни ташкиллаштириш юклатилди.
Шунингдек, мазкур Фармон асосида қуйидаги чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш белгиланлиги аҳамиятлидир, хусусан:
- 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ни босқичма-босқич жорий этиш;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи E-Anticor.uz электрон платформасини жорий этиш;
- коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурий таъминотни жорий этиш[1].
Хорижий амалиёт таҳлили шуни кўрсатдики, бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020-й., 06/20/6013/1002-сон.
юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат (compliance control) тизимини ташкил этиш ҳисобланади.
Коррупцияга қарши комплаенс назорати – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.
Қайд этиш лозимки, олиб борилаётган ислоҳотларни амалий ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2020 йил 4 февралда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан Коррупцияга қарши кураш бўйича идоравий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, фуқаролар ва юридик шахслар вакиллари томонидан коррупция ҳақида хабар бериш механизмлари жорий этилганлиги аҳамиятлидир, хусусан бугунги кунда:
– Омбудсманнинг “10-96” ишонч телефони ва виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда;
– фуқаролар ва юридик шахслар вакилларининг коррупциявий ҳолатлар бўйича ҳамда ходимларнинг бошқа қонунга хилоф ишлари тўғрисидаги мурожаатлари таҳлил қилиниб борилади, уларнинг натижалари одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишларида муҳокама қилинади.
– Омбудсман Котибиятига ишга биринчи марта қабул қилинаётган шахслар учун коррупцияга қарши курашиш мақсадида йўл-йўриқларни тушунтириш, хизмат вазифасига қўйиладиган асосий мажбуриятлар, таъқиқлар, чекловлар, талаблар ва идоравий одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳияти 3 иш кунидан кечиктирмай тушунтирилади.
– Вакилга коррупция билан боғлиқ бўлган мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг 6 ой давомида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига мувофиқ Омбудсман томонидан Бош прокуратурага 17 та мурожаат юборилган (2019 йил – 21 та). Ушбу мурожаатлардан 2 таси ўз тасдиғини топган.
Соҳада амалга оширилаётган ушбу мазмундаги ислоҳотларнинг натижаси сифатида Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилиб бориладиган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” да Ўзбекистон 180 та давлат орасида 2017 йилда 157-ўрин, 2018 йилда эса 158-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда 25 балл билан 153-ўринни эгаллаб, 5 поғонага кўтарилди[1].
Бундан ташқари, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индексидаги “Коррупциядан ҳолилик” индикаторида Ўзбекистон 2019 йилда 0,38 балл билан 95-ўринни эгаллаган бўлса, 2020 йил бўйича 128 давлат орасида 0,40 балл билан 89-ўринни эгаллаб, 6 поғонага кўтарилганлиги[2] малакатимизда коррупцияга қарши тизимли олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Мамлакатимизда коррупцияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мансабдор шахсларнинг коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этаётганлик ҳолатлари ҳали ҳамон учрамоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2017–2019 йиллар давомида 6127 нафар мансабдор шахснинг пора олиши билан боғлиқ жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинганлиги, 2019 йилнинг дастлабки олти ойида жами 661 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан коррупция билан боғлиқ 590 та жиноят ишлари қўзғатилганлиги, коррупцияга қўл урган ва жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келганлиги, коррупция жиноятларининг асосан тиббиёт, таълим, давлат хизмати кўрсатиш, хусусан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига лицензия ва руҳсат бериш билан боғлиқ соҳаларда[3] ҳали ҳамон камаймаётганлиги ташвишлидир.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб давлатларда, хусусан Сингапур, Буюк Британия, Германия, АҚШ каби ривожланган мамлакатларда “Давлат хизмати тўғрисида” ги, “Давлат хизматида жамоатчилик назорати тўғрисида” ги Қонунлар ҳамда давлат хизматчилари, мансабдор шахслар, шунингдек судяларнинг хатти-ҳаракат меъёрларини тартибга солувчи Ахлоқ кодекслари мавжуд эканлигини кўришимиз мумкин.
Эътиборли жиҳат шундаки, мазкур нормалар билан давлат хизматчиларининг олиши мумкин бўлган совға ёки ҳадяларнинг аниқ миқдори ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, АҚШ да ушбу миқдор 20 АҚШ долларини, Францияда 35 евро, Буюк Британияда 140 фунт, Россияда 3000 рубл этиб белгиланган, Канадада эса мансабдор шахсларнинг пул кўринишидаги совғалар қабул қилиши қатъиян тақиқланади, Сингапурда давлат бошқарувида фаолият кўрсатувчи мансабдор шахсларнинг гонорар, займ, қимматли қоғозлар каби тўловларни олиши таъқиқланган [4].
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан юқоридаги хориж тажрибаси вазирлик тизимида жорий қилинган бўлиб, унга кўра ходимларнинг фуқаролар, бошқа ташкилотлар ходимлари, жумладан турли жойлар ва хорижий мамлакатларга уюштириладиган хизмат сафарлари давомида совғалар олиши тақиқланди. Хорижий сафарлар давомида олинган совғалар, вазирликка ўтказиладиган тартиб жорий қилинди.
[1] https://www.transparency.org/en/countries/uzbekistan
[2] https://worldjusticeproject.org/sites/default/files/documents/Uzbekistan
[3]Бош прокуратура коррупция етказган зарар миқдорини маълум қилди. https://www.gazeta.uz/oz/2019/07/31/corruption/.
[4] Б.Исмолилов., Ф.Йўлдашов. Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон мавқеини юксалтиришнинг муҳим жиҳатлари. https://uza.uz/oz/posts/.
Бундан ташқари, бугунги кунда илғор хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш жараёнида қўллаётган усулларидан бири бу давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги ҳаражатларини декларация қилишнинг мажбурий этиб белгиланганлигидир. Бундан кўзланган асосий мақсад мансабдор шахсларнинг ноқонуний даромад олишни олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишдан иборатдир. Давлат хизматида ушбу усул бугунги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда[1].
Таъкидлаш жоизки, давлат хизматчиларининг мулкий декларация тизими коррупциянинг олдини олиш, ноқонуний бойиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашнинг қудратли воситасидир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг аксариятида активларни декларациялашнинг кенг жамоатчилик учун ошкора тизими йўлга қўйилган. Коррупцияга қарши амалдаги халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатларда давлат хизматчилари томонидан активларнинг эълон қилиниши коррупцияга қарши самарали восита экани эътироф этилган.
Бу борада Дания тажрибасига кўра, 2002 йилда қабул қилинган “Коррупция тўғрисида” ги Дания Қонуни коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирларининг устуворлигини белгиловчи, таъсирчан огоҳлантирувчи хусусиятга эга бўлган асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. Хусусан, ушбу қонуннинг қоидалари Дания ҳукумати вакилларини ҳар йили ўз мол-мулки ва шахсий даромадлари тўғрисидаги маълумотларни нашр этишга, хорижий компанияларда акцияларга эга бўлишни тақиқлашга мажбур қилади, бу уларнинг бошқарув фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлигини, коррупцион ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради.
Коррупцияни олдини олишнинг муҳим омили шундаки, мамлакатда давлат хизматчилари юқори даражадаги ижтимоий муҳофазага эга: улар бепул тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқига ва ижтимоий кафолатларга таянишлари мумкин, бу эса коррупцион ҳаракатлар эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.
Бундан ташқари, Финляндияда Молия вазирлиги давлат хизматчилари ахлоқининг асосий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланиши билан характерлидир. Молия вазирлиги ҳукумат амалдорлари учун имтиёзлар ва совғаларни бериш ва олиш тартибини белгилайди, шунингдек давлат хизматчилари даромадларини текшириш ваколатига ҳам эга. Финляндия миллий тафтиш бюроси (НАОФ) эса мамлакатда коррупцияни олдини олиш мақсадида йилда икки маротаба марказий ҳукумат молиясини текширади, солиқ сиёсатини назорат қилади ва сиёсий партиялар ва сайлов компаниясини молиялаштиришни назорат қилади.
[1] Б.Исмоилов., У.Абдураҳмонов. Таъсирчан жамоатчилик назорати коррупцияга қарши курашишда қай даражада муҳим? https://uza.uz/oz/posts/.
Юқоридаги таҳлиллар, коррупцияга қарши курашиш ҳамда мазкур турдаги жиноятларни олдини олиш борасида мамлакатимизда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатмоқда:
биринчидан, “Давлат хизмати тўғрисида” ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокама қилинаётган бўлса-да, ҳали ҳамон мазкур Қонун қабул қилинганича йўқ. Шу сабабдан “Давлат хизмати тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини, шунингдек давлат хизматчиларининг Ахлоқ кодексини қабул қилиш, мазкур нормаларда давлат хизматчиларининг ўз фаолиятини олиб бориш жараёнида амал қилиши лозим бўлган ҳамда коррупцияни вужудга келишига имкон яратиб берувчи сабаб ва шарт-шароитларни олдини олишга қаратилган меъёрлар акс эттирилиши мақсадга мувофиқдир;
иккинчидан, халқаро ва илғор хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги ҳаражатларини декларация қилишни тартибга солувчи нормаларни миллий қонунчилик тизимига имплеменетация қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса ўз навбатида мансабдор шахсларнинг мол-мулкидаги ўзгаришларни мунтазам равишда кузатиш имкониниятини беради, декларацияларнинг оммавийлиги, яъни жамоатчилик учун очиқлиги эса уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги аҳамиятини янада ошириши шубҳасиздир.
Шоҳжаҳон КУЛТУРАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
Котибияти етакчи маслаҳатчиси