Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК ВА УМУМЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН ХАЛҚАРО МЕЗОНЛАРГА ТЎЛА МОС ҲОЛДА ЎТДИ
Мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайлови ҳақидагификрларнинг аксариятида сайлов очиқ-ошкора, ўзаро рақобат шароитида, миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар асосида ўтгани эътироф этилмоқда.

Дарҳақиқат, халқ тақдирини ҳал этувчи муҳим сиёсий жараёнда ватандошларимиз сайлаш ҳуқуқидан самарали фойдаланди. Сайловдасайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчиларнинг 80,4 фоизи,яъни 16 миллион 212 минг 343 нафари иштирок этди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Конституциямизнинг 117-моддасида “...Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар...”, деб белгиланган. Фуқароларнинг бу ҳуқуқини тўла рўёбга чиқариш учун сўнгги йилларда сайловга оид қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада хорижда вақтинча яшаб турган меҳнат муҳожирлари, талабалар ва бошқа юртдошларимиз сайловда иштирок этиши учун кенг шароитлар яратилди. Озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга овоз бериш имконияти яратилди.Айтиш жоизки, ушбу нормалар баъзи демократикдавлатлар қонунчилигида ҳам мавжуд эмас.

Омбудсман пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифларида сайловчиларнинг ҳеч қандай тазйиқ ва монеликсиз яширин овоз бериш ҳуқуқлари таъминланиши нуқтаи назаридан сайлов участкаси белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланганини ўрганди. Шунингдек, сайловчиларнинг танлаш, номзодларнинг эса тенг тарғибот қилиш ҳуқуқлари таъминланиши мақсадида мониторинг жараёнида номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратилиши каби ҳолатлар ҳам ўрганилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вакиллари билан ҳамкорликда имконияти чекланган шахслар учун яратилган шароитлар ҳам кузатилди. Бу йилги сайловларда имконияти чекланган шахслар учун алоҳида кабиналар ажратилди. Кириш ва чиқиш жойларида пандуслар ўрнатилди, кўриш имконияти чекланганлар брайл алифбосидаги бюллетень трафарети билан таъминланди ва сайлов участкаларига сурдо таржимонлар жалб қилинди. Натижада ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид халқаро Конвенцияда белгиланган мажбуриятлар бажарилиб,мазкур тоифадаги фуқаролар учун ўз сайлов ҳуқуқларидан тўлақонли ва бошқалар билан тенг равишда фойдаланиши учун шароит яратилди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари мингга яқин халқаро кузатувчи, салкам 1700 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатлар нуфузли оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам диққат марказида бўлди. Сайлов жараёнларига халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда ўз хулосаларини тақдим этиши учун нуфузли халқаро ташкилотлардан, жумладан, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, МДҲ ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси ҳамда ИҲТ каби йигирмага яқин халқаро ташкилотлардан ва элликка яқин хорижий давлатлардан кузатувчилар жалб қилинди. Бу галги халқаро кузатувчилар сони Ўзбекистон сайловларитарихидагирекордкўрсаткич сифатида қайд этилди.

Сайловчиларни мунтазам равишда ахборот билан таъминлаш, сиёсий жараёнларни очиқ ва шаффоф ташкил этиш бўйича ОАВга қулай шароитлар яратилди. Қолаверса, уларга туман ва шаҳарлардаги 207 сайлов участкасига ўрнатилган 414 видеокамера орқали узатилган онлайн трансляцияёзувларини кузатиб бориш имкони ҳам яратилди.

Тараққий этган демократик ҳуқуқий давлатларда сайловларнинг адолатли ўтиши ҳар бир сайловчининг овоз бериш жараёнида иштирок этишини таъминлаш борасида яратилган шарт-шароитларнинг сайловчи-фуқаролар учун қулайлиги, кенглиги ҳамда ҳуқуқий асосга эга экани билан белгиланади. Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигида ҳам барча сайловчиларга овоз бериш жараёнида тўсқинликсиз иштирок этишини таъминлаш борасида муҳим қоидалар белгиланган. Улардан бири сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи институтидир.Қайд этиш лозимки, сайловларда муддатидан олдин овоз бериш тартиби илғор хорижий давлатларда, хусусан, Германия, Франция, Россия, Финляндия, Норвегия, Польша, Руминия ва бошқа кўплаб давлатларда мавжуд. 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир.Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Айтиш жоизки, 421 минг 176 нафар сайловчи жорий йилнинг 14 октябридан 20 октябригача муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Сайловда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги консуллик рўйхатида турган ёки турмаганлигидан қатъи назар хорижда истиқомат қилаётган барча фуқароларимиз учун 37 давлатда ташкил этилган 54 та сайлов участкасида овоз бериш имконияти яратилди.

Таъкидлаш жоизки, пандемия шароитидан келиб чиқиб,коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилди. У билан сайлов жараёнларида COVID-19 тарқалишининг олдини олиш тартиби белгиланди. Шу асосдасайловчилар ва комиссия аъзолари учун хавфсизлик чоралари кўрилди.

Қувонарли томони шундаки, сайлов жараёнларида инсон қадри ва ҳуқуқининг таъминланиши орқали сайловчиларнинг мустақил ва эркин танлови амалга оширилди. Буни мамлакатимизга ташриф буюрган кўплаб халқаро кузатувчилар ҳам эътироф этди. Жумладан, Татаристон Республикаси, Россия Федерациясининг Новосибирск ва Свердловск худудларидаги Омбудсманлар ва бошқа давлатлардан келганхалқаро кузатувчилар билан мулоқотимиз давомида, улар 24 октябр куни бўлиб ўтган сайловларда ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатларини кузатмагани ва сайлов жараёнларини ташкил этишга халқаро стандартлар асосида пухта тайёргарлик кўрилганини қайд этди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, сайловда мамлакатимиз аҳолиси Ўзбекистон Республикасининг кейинги беш йилликдаги етакчисини тенглик, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида сайлади. Халқимизнинг бу танлови жамиятимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш, Ватан ободлиги, фаровон ҳаёт барпо этиш борасида олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда жуда муҳим.

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқларибўйича вакили (омбудсман)