Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман):
— Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ҳамда унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш бўйича ўзининг қатъий позициясига эга. Давлатимиз раҳбари 2021 йилнинг 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлаганида ҳам айнан шу масалага эътибор қаратди.
Бу сўзларнинг амалий натижаси сифатида 2021 йилнинг 26 июнида “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳужжат нафақат ушбу иллатни барвақт аниқлаш, бартараф этиш, балки қийноқдан жабр кўрган инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларга етказилган зарарни компенсация қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Ушбу қарорда Омбудсман институтига ҳам қатор вазифалар юкланди. Унга кўра, Ўзбекистонда Омбудсман экспертлик гуруҳи негизида Жамоатчилик гуруҳларини тузиш ва уларга гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Ўтган йил давомида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 177 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мазкур мониторинг ташрифлари очиқ ва шаффоф ҳолда ёритиб бориляпти. Қолаверса, Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича йиллик ҳисоботлари ва қийноқларнинг олдини олиш бўйича Олий Мажлис палаталарига тақдим этган йиллик маърузаси ombudsman.uz сайтига жойлаштирилган ва барча учун очиқ.
Ўзбекистон инсон қадрини юксалтириш йўлидан бормоқда. Олдинда белгиланган марраларимиз кўп, натижаларимиз ҳам эътирофга лойиқ. Ўйлайманки, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар занжири ўзининг ижобий натижаларини йил сайин кўрсатаверади.
Финнуала Ни ИЛОЙН, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашишда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси:
— Мамлакатингизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқ ҳолатлари ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этишга қаратилган ишлар алоҳида эътирофга лойиқ.
Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистондаги бир нечта жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхонаси фаолияти билан танишган эксперт сифатида шуни айтишим мумкинки, қамоқхоналардаги шарт-шароитлар яхши. Шунингдек, маҳкум ва маҳбусларга кўрсатилаётган тиббий, психологик хизмат, уларни иш билан таъминлаш, оила аъзолари билан учрашиш учун шароитлар яратилган, қолаверса, руҳий ва жисмоний қийноқ ёки уларнинг ҳуқуқлари поймол этилганлиги ҳолатлари бўйича тўғридан-тўғри Омбудсман қутилари орқали мурожаат қилиш имконияти яратилганини ҳам яхши амалиёт, дея баҳолаш мумкин.
Надин МАЭНЗА, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси:
— Ўзбекистонга жорий йилда ташриф буюрган эксперт сифатида сўнгги тўрт йил ичида мамлакатда диний эркинлик, қамоқхоналарда диний амалларни бажариш борасида изчил ўзгаришлар амалга оширилган, деб айта оламан.
Мамлакатингизда бўлганимда қатор мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда дин етакчилари билан учрашдим. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон сўнгги йилларда ижобий ва сезиларли ўзгаришларга эришган, бундан кейин ҳам диний эркинликнинг янада очиқ шартларига ўтаётгани мени қувонтирди.
Абдураҳмон ТАШАНОВ, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси:
— Миллий превентив механизм доирасида амалга оширилаётган мониторинглар жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлиб, ўз самарасини бераётганидан ғоят мамнунмиз.
Чунки жуда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида ишларимизни ижобий баҳолашяпти. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ҳам мониторингларимиздан кейин берган тавсияларимизни бартараф этиб, камчиликларини тўғирлаб олишяпти.
Омбудсман бошчилигида ўтказилаётган мониторинг ташрифларида жазо ўтаётган шахсларга қийноқлар қўлланилмаётгани ва улар яхши шароитда сақланаётганини кўриб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳамма маълумотлар ҳам тўғри эмаслигидан ҳурсанд бўлдик.
Аъзамжон ФАРМОНОВ, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Ҳуқуқий таянч жамоат бирлашмаси раиси:
— Мониторинг ташрифларида айрим маҳкумлар билан юзма-юз гаплашиш имкониятига эга бўлаяпмиз. У ердаги шароит бундан 3-4 йил олдинги вақтга нисбатан жуда кескин фарқ қилади. Маҳкумларнинг яшаш шароитлари яхшиланган ҳамда уларга турли хил касб эгаллаш билан боғлиқ имкониятлар тақдим қилинган.
Мен жазони ижро этиш жойида асосий эътибор берган нарса, бу — руҳий ва жисмоний қийноқлар қай ҳолатда, деган саволга жавоб излаш бўлди. Айнан Жиноят кодексининг 159-, 244-моддалари билан жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан ҳам суҳбатлашдим ва бирор бир маҳкумдан руҳий жисмоний қийноқлар ҳақида эшитмадим.
Ўзимнинг собиқ маҳкум эканлигим, қийноқлар бўлаётган бўлса тортинмасдан гапиришлари мумкинлигини айтганимда, улар ҳозир аввалгидек қийноқлар йўқлиги, фақат озодлик етишмаётгани, ўз оилаларини соғинганликларини билдирди. Уларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқати ва бошқа шароитларни кириб ўргандим ва ҳеч қандай қониқарсиз ҳолатни учратмадим.
Шуҳрат ҒАНИЕВ, “Гуманитар ҳуқуқий марказ” директори:
— Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида пенитенциар муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифларида 2019 йилдан бери иштирок этиб келаман. Фуқаролик жамияти вакили сифатида айтишим мумкинки, бу мулоқот бизга жуда керак. Нафақат бизга, балки давлат органларига ҳам. Чунки биз икки томонлама мониторингларда иштирок этиш билан самарали шаффофликка эришишимиз мумкин. Чунки бир томонлама шаффофлик ҳеч қачон бўлмайди. Ва албатта, бизга давлат томонидан билдирилаётган ишонч биз учун катта ёрдам.
Жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, вақтинчалик сақлаш жойлари, изолятор, шунингдек, пандемия шароитида Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги карантин худудлари ва бошқа объектларга ўтказилган мониторинг ташрифларида фуқаролик жамияти вакили сифатида ҳеч қандай тўсиқларга учрамадик.
Учрашувлар жараёнида айнан қийноқ масаласида 3 та мурожаат келиб тушди. Лекин, қайд этиш жоизки, ҳозирги пайтгача ҳақиқатда қийноқ бўлган, дея олмайман. Чунки, бизга мурожаат қилганларнинг аксарияти бироз бўлса-да енгиллик бўлиши ёки шароитини яхшилаб олиш мақсадида қийноқ масаласида ариза ёзишади. Афсуски, бундай ҳолатлар ҳам учрайди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.