Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари –олий қадрият
Инсон қадри барча нарсадан устун. Давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ушбу ғоянинг тўлиқ мужассам эканига гувоҳ бўлдик. Таълим, соғлиқни сақлаш, электр энергия, газ, суд-ҳуқуқ, хуллас аҳолини қийнаб келаётган масалаларнинг барчаси ушбу Мурожаатномадан ўрин олди. Аҳамиятлиси, муаммолар аниқ кўрсатилди, таклифлар ҳам аниқ илгари сурилди.
Қайд этиш лозимки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га юборилаётган мурожаатларнинг 15 фоиздан ортиқ қисми суд-ҳуқуқ масалаларига оид.

Давлат раҳбари, энг аввало, одамларимизнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши, бунинг учун адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилишини қайд этди. Бу борада, албатта судьяларнинг иш юкламалари ошади, уларнинг иш билан батафсил танишиб чиқишлари учун етарлича вақт ажратилиши ҳам муҳим.

Тергов жараёнига келсак, бу борада ҳам юртбошимиз аниқ ечимларни кўрсатиб ўтди. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилиши, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларини ва мулкий дахлсизлигини таъминланишига хизмат қилади. Ҳақиқатдан ҳам у тадбиркор бўладими ёки оддий фуқаро мулк дахлсизлиги ҳимояланганини ҳис қилиши зарур.

Мамлакат Президентининг “Тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак”- деган  қатъий фикрлари бу соҳада адолатни ўрнатишга ёрдам беради.

Шу билан бирга, Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида сўз борар экан, охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганига тўхталиб ўтилди.

Омбудсман республика бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда амалга оширган мониторинг ташрифларида асосий эътиборни ушбу муаасалардаги шароитларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларга мувофиқлигини ўрганишга қаратади.

Қайд этиш жоизки, Омбудсман, унинг ҳудудлардаги Минтақавий вакиллари ва Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 300 дан ортиқ мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан деярли икки баробарга кўпдир.  Бу борада Омбудсман минтақавий вакилларининг фаоллиги ҳам анча ошган, яъни, авваллари жамоатчилик асосида ишлаган  минтақавий вакилларнинг кўрсаткичларидан 7 мартага кўпдир.

Айтиш лозимки, Омбудсманнинг ҳар бир ҳудудда минтақавий вакилининг бўлиши нафақат мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиш, балки, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шарт-шароитларни мунтазам мониторинг қилиш, маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ва ҳоли тарзда учрашиш, “Омбудсман қути”ларидаги мурожаатларни ҳар икки ҳафтада қабул қилиш ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни тезкор равишда жойига чиқиб ўрганиш имконини бермоқда.

Ташрифларда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган 4500 дан ортиқ шахс билан жамоавий ва 2 минг  нафардан ортиқ  шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Маҳкум ва маҳбуслар жазони ижро этиш муассасалари, манзил-колониялар ва тергов ҳибсхоналарига ўрнатилган “Омбудсман қутилари” орқали ҳам Омбудсманга мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу қутилар видео камера ўрнатилмаган ва маҳкумлар бориши мумкин бўлган қулай жойларга жойлаштирилган. Аҳамиятлиси, ушбу қутиларни Омбудсман ходимлари ва минтақавий вакиллардан бошқа ҳеч ким оча олмайди.

Келажакда маҳкум ва маҳбуслар мурожаатини тезкор равишда қабул қилиш учун Омбудсманга электрон мурожаат қилишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шунда уларнинг мурожаатларини рақамли технологиялар орқали ўша куннинг ўзида қабул қилиш ва ижрога қаратиш имконияти туғилади.  

Мурожаатномадан келиб чиқиб, Омбудсманнинг қийноқ ҳолатларини олдини олиш бўйича фаолияти янада кучайтирилади. Аниқланган камчиликлар бўйича тегишли мутасадди вазирлик ва идораларга тақдимнома ва хулоса, Олий Мажлис палаталарига эса таҳлилий ахборотлар киритилади. Буларнинг барчаси ёпиқ муассасалардаги шароитларнинг яхшиланишига қаратилган.

Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият” Президентнинг ушбу сўзлари  Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида қайд этилди. Ўйлаймизки, 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да халқ манфаати йўлида хизмат қилиш бурчини елкасига олган ҳар бир шахс ушбу ғояга ҳамоҳанг ҳолда фаолият юритса мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган бўлади.  

Феруза Эшматова

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)