Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанд вилоятига амалга оширилган ташрифнинг иккинчи куни
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва жамоатчилик гуруҳи томонидан миллий превентив механизм доирасида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятига ўтказилган мониторинг ташрифининг иккинчи кунида дастлаб 7-сон тергов ҳибсхонаси кўздан кечирилди.

Аниқланишича, ушбу муассасада сақланадиган жами 400 га яқин маҳбус ва маҳкумларнинг 32 нафари аёлларни ташкил этади. Ҳибсхонада аёллар сақланадиган камералар алоҳида ажратилган бўлиб, улар аёл ходимлар томонидан қўриқланади.

Мазкур камералар кўздан кечирилганда бир қанча маҳбуслар илтимосига кўра, улар Омбудсман томонидан шахсан қабул қилинди. Яккама-якка тартибда ўтказилган қабулларда қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириш, судда Омбудсман ходимлари иштирокини таъминлаш ҳамда маҳбус ва маҳкумларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича ёрдам сўралди.

Омбудсман вакилларидан иборат гуруҳ қисқа муддатли учрашув, телефон сўзлашув ҳоналари, ошхона, кутубхона ва судларда онлайн иштирок этиш имконини берувчи онлайн конферения хоналарини кўздан кечирди ва бир қатор камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берди

Кейинги манзил Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 39-сон Манзил-колонияси бўлди. Ушбу объектда маҳкум ва маҳкумалар учун яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида улар билан суҳбатлашилганда мазкур муассаса ҳақида фақат ижобий фикрлар билдирилди. Маҳкум ва маҳкумаларнинг сўзларига кўра, манзил-колонияда кўпроқ уларни касбга ўргатиш ва янги адабиётлар билан таъминлаш орқали сақланаётган шахсларнинг маънавий ва ҳуқуқий салоҳиятини оширишга эътибор қаратилади. Нисбатан эркин, махсус формада юриш талаб этилмайдиган, телефондан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган муассасада маҳкум ва маҳкумаларнинг яқин қариндошларининг учрашиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳудудда болалар майдончаси ҳам қурилган. Маҳкумларнинг ўзлари ҳам шароитлар йилдан йилга яхшиланаётганини билдиришди. Кутубҳонада ишловчи ҳомиладор маҳкума билан сўзлашилганда иши оғир эмаслиги ва ҳар ойда 2 маротаба поликлиникада шифокор кўригидан ўтишини қайд этди.

Манзил колонияда кекса ёшдаги ва бемор маҳкум ва маҳкумалар ишга жалб қилинмайди. Қолганлар эса шартнома асосида завод ва фабрикаларга бориб ишлашлари мумкин.

Шу куннинг ўзида Каттақўрғон шаҳри ва Тайлоқ туманидаги ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига ҳам мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Икки кунлик хизмат сафари давомида 20 га яқин муассасалар кўздан кечирилган бўлса, аниқланган камчиликларни бартараф этилишини назоратга олиш Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили Илҳом Тўхтасиновга юклатилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича ўтказилган мониторинг натижалари Вакилнинг Олий Мажлис палаталарига  2022 йилнинг март ойида тақдим этадиган йиллик ахборотида акс этади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати