Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тараққиёт стратегияси инсон қадрини юксалтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни қамраб олган
Инсон қадрини юксалтириш – бу кенг қамровли тушунча бўлиб, у барча йўналишларда турлича талқин ва ёндошувлар асосида амалга оширилади. Тараққиёт стратегиясида эса бу вазифа энг аввало, қуйи бўғин ҳисобланган маҳаллалардан бошлаб, жамоатчилик, давлат органлари ва Парламент миқёсида бажарилиши белгиланмоқда.

Давлат раҳбарининг аҳоли орасидаги муаммо ва масалаларни маҳалладан туриб ҳал этиш бўйича ташаббуси, давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлашдаги масъулиятини янада оширади. Маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш имкониятини жорий этиш орқали масалани қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш мумкин. Бу тизим самарали ишлаши учун эса мурожаатларни кўриб чиқишга оид рейтинг тизимини электрон тарзда республика бўйлаб жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Бу - баъзи давлат органлари ва идоралардаги мурожаатлар билан ишлайдиган масъул ходимлар томонидан мурожаатчиларга юзаки ёки тўлиқ асослантирилмаган жавоб хатларини юбориш ҳолатларини камайтиради.

Қувонарли томони, айни жихат, Тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” дея номланган биринчи устувор йўналишида белгиланган мақсадларда акс эттирилган. Унда Давлат органларига келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш масаласи назарда тутилган.

Қайд этиш лозимки, инсон ҳуқуқлари қонун устувор бўлган давлатдагина тўлиқ таъминланиши мумкин. Ҳозирда дунёда мамлакатлари халқаро стандартлар ва мезонлар асосида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини кузатиб боришмоқда ва ўзларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш устида ишлашмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу йўлда такомиллашиб бормоқда.

Тараққиёт стратегиясида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) қатор таклифлари ҳам инобатга олинган. Хусусан, стратегиянинг “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” йўналишининг 14-мақсадида махкумларнинг мехнат ҳуқуқлари ҳимоясига оид нормалар киритилиши белгиланди. Шу билан бирга озодликдан маҳрум этилган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этиш каби вазифалар белгиланди.

Бу маҳкумларнинг ижтимоий ҳимояси ва меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда қийноқларни олдини олишдаги муҳим қадамлардан саналади.

Албатта ушбу вазифаларнинг амалда ижро этилиши бўйича Омбудсман Миллий превентив механизм доирасида ёпиқ муассасаларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифларида ўрганишлар олиб боради.

Қайд этиш лозимки, 2019 йилда Омбудсман ҳузурида ташкил этилган Қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида шу кунга қадар ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга жамоатчилик вакиллари билан биргаликда 350га яқин мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Мониторингларда муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, озиқ-овқат билан таъминланиши, керакли тиббий хизмат кўрсатилиши, рухий ёки жисмоний босимларнинг мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилмокда. Ушбу мониторингларда аниқланган камчиликлар бўйича масъул ташкилотларга бартараф этиш ва чоралар кўриш бўйича тавсиялар берилмоқда. Қувонарли томони ушбу тавсиялар инобатга олинмоқда ва сўнгги йилларда пенитенциар муассасалардаги шароитлар халқаро стандартлар даражасига етказилмоқда.

Тараққиёт стратегиясидаги яна бир муҳим вазифалардан бири -  озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни жорий қилиш орқали уларнинг ижтимоий мослашуви механизмларини такомиллаштиришдир.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳам жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг жамиятига мослашишда қатор самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан 2019 йилда Пробация хизмати жорий этилиб, уларнинг асосий вазифаси сифатида жиноят кўчасига кириб қолган шахсни тарбиялаш, уни жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослаштириш белгиланди. Бу борада тегишли вазирлик, давлат идораси ва ташкилотлари ҳам фаол ишлади. Лекин шунга қарамасдан, амалиётда аввал судланган шахсларни иш билан таъминлаш масаласида айрим муаммолар мавжуд. Мисол учун аввал судланган шахсларни ишга олиш айрим иш берувчиларни чўчитади. Натижада эса уларни жамиятга мослашув ва моддий таъминот масаласида камчиликлар юзага келади. “Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизимини жорий этиш эса шу каби масалаларни ижобий ҳал этилишига ёрдам беради.

Маълумки Ўзбекистон қийноқ ҳолатларини олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ўзининг қатъий позициясини белгилаб олган. Албатта бу борадаги ишлар кейинги беш йилликда Тараққиёт стратегияси доирасида янги босқичга олиб чиқилади. Сабаби, унда миллий превентив механизмларни такомиллаштириш ва ушбу йўналишда қонунчилик асосларини такомиллаштириш назарда тутиляпти. Шундан келиб чиқиб, келгусида Омбудсман қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ташкил этилаётган мониторинг ташрифлари орқали у ердаги шароитларни халқаро стандартларга мослаштиришга эътиборни янада кучайтиради. Қолаверса, қийноққа учраган шахсларга амалий кўмак кўрсатиш, қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш ҳамда унинг тартибини ишлаб чиқиш борасида жадал ишлар олиб борилади. Бу жуда муҳим. Зеро, ҳар қандай жабрланувчи қийноқ ёки шафқатсиз муомала учун тезкор, адолатли ва тенг компенсация олиш ҳуқуқига эга.

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)