Учрашув давомида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш, уларда амалий ишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш, ТДЮУ талабаларини Омбудсман фаолиятига кенг жалб этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Тадбирда таъкидланишича, Тошкент давлат юридик университети томонидан таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлиги таъминлаш, билим ва истеъдодни рағбатлантириш ҳамда юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Омбудсман клуби”нинг ташкил этилиши ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан саналади.
Омбудсман Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, унинг ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Ҳозирда Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Кунига 150-200 та баъзида ундан ҳам кўп мурожаатлар келиб тушади. Бу бир томондан халқнинг Вакилга нисбатан ишончини билдирса, иккинчи томондан унга катта масъулият ҳам юклайди. Шунинг учун, халқ ишончини оқлаш, мурожаатларни ҳал этишда натижадорликка эришиш ҳамда қийноққа қарши курашишда мавжуд имконият ва ресурсларимиздан максимал даражада фойдаланаяпмиз. Лекин, малакали юридик кадрларга эҳтиёжимиз ҳам ортиб бормоқда. Чунки, биргина мурожаатни ўрганиб чиқиб, давлат идораларига сўров юбориш, ахборот сўраш, Вакил хулосаси ёки тақдимномасини тайёрлаш учун маълум бир вақт ва малака талаб этилади. Мақсадимиз - ҳамкорликда ишлаб, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлаган ҳолда Омбудсман институтининг юқори малакага эга бўлажак юристларни етиштиришдир.
“Омбудсман клуби” аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган мониторинг ташрифларини кузатиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати