Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир
Куни кеча Давлат раҳбари раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги куннинг долзарб вазифалари муҳокама этилди.

Қайд этиш лозимки, юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича имкониятлар ҳамда ҳуқуқий кафолатлар яратилган.

Мамлакатда соғлом оилани шакллантириш, оилада юксак даражадаги маънавий-аҳлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёшларни оила қуришга тайёрлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бу борадаги ислоҳотлар республикамизнинг чекка ҳудудларига етиб бориши ва хотин-қизлар давлатнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳимоясида эканини билиши зарур.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳозирги кунда “Аёллар дафтари”да 630 мингдан зиёд хотин-қиз рўйхатда тургани, улардан 200 минг нафари ишсиз экани ҳамда аёллар ўртасида жиноятчилик, оилада зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари, афсуски, ҳали ҳам учраётгани куйинчаклик билан қайд этилди. Ушбу рақамлар эса бевосита ислоҳотларнинг барча маҳаллалар кесимида бирдай ишламаётганини, жойлардаги баъзи мансабдор шахслар томонидан мурожаатлар юзаки кўрилаётганидан далолат.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг устувор вазифаларидан бири саналади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсманга) 2021 йилда 18738 та мурожаат келиб тушган бўлса, унинг 8054 таси яъни 42,9 фоизи хотин-қизлар томонидан юборилган.

Тўғри, мамлакатимизда ижтимоий муносабатлар соҳасида юз бераётган барча янгиланиш жараёнлари муайян қийинчиликларсиз кечмайди. Фуқаролар оила-никоҳ муносабатларида тез-тез ана шундай муаммоларга дуч келишмоқда ва бу Вакилга йўллаган мурожаатларида ўз аксини топмоқда.

2021 йилида оилани ҳимоя қилиш билан боғлиқ жами 391 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 228 тасида оилада аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан таҳқирланиши, 91 тасида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, 17 тасида оилада турмуш ўртоқларидан бирининг ота-онаси ва яқин қариндошлари томонидан таҳқирланиши, 17 тасида фарзандини ўз қарамоғига олиш бўйича, 7 тасида болаларни ота-онасининг уй-жойига бўлган ҳуқуқлари ва 31 тасида бошқа ҳолатлар таъкидланган.

Ушбу мурожаатлар Омбудсман томонидан дархол назоратга олиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилади. Лекин, тан олиш керакки хотин-қизлар орасида ўз ҳуқуқларини яхши билмайдиган, доимо қийноққа учрагани учун қўрқоқ, ожиза, ҳимоясиз бўлиб қолган, ҳуқуқий хабардорлиги етарли даражада бўлмаганлари ҳам бор. Улар Омбудсманга мурожаат қилмаса биз ҳам уларнинг оғриқли муаммоларидан бехабар қолишимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбари аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида урғу бериб, бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳимояга олиш тизимини такомиллаштириш зарурати бор эканини қайд этди. Ҳақиқатдан ҳам тазйиққа учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади, ундан кейинги жараёнларнинг бориши бўйича тизимда бўшлиқлар мавжуд.

Келгусида аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан таъминланиши, алоҳида ҳимояга олиш муддатининг бир йилгача белгиланиши эса уларга етарли даражада психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам берилиши ва иш билан таъминланишига хизмат қилади.

Давлат раҳбари видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи мамлакатимизнинг тараққиёт стратегиясида энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгилангани ва уларнинг ижросини тизимли тарзда, ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида Президент фармони қабул қилинганини қайд этди.

Албатта ислоҳотларни ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш кўплаб ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган ёки четлаб ўтилган ҳимоясиз ва ожиз хотин қизларни аниқлаш ва уларга амалий ёрдам беришга замин яратади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг қамровли бўлиб, улар хотин-қизларни таълим олиши, иш ва уй-жой билан таъминланиши, уларга тенг меҳнат шароитлари яратилиши бир сўз билан айтганда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади. Давлат раҳбари ҳам ўз маърузасида “Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади, – деб таъкидлади.

Қолаверса, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилгани хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги муҳим қадам ҳисобланади. Бу барча учун тенг шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши белгиланди.

Уларнинг саломатлигини тиклаш бўйича ҳам аниқ тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланади. 3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. Шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Айниқса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиши жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш хизмат қилади. Чунки дастурга кўра, давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этиш, янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши, шунингдек, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши ва бошқа ташаббуслар мамлакатимизда ҳар соҳада гендер тенглиги таъминланишига ва ривожланиш кўрсаткичларининг жадаллашишига замин яратади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яна бир муҳим қадам қўйилди. Мақсад аниқ ва улуғвор, ҳаракатда эса ҳамоҳанглик бўлиши зарур. Ушбу мақсад йўлида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) янги ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ишлашга тайёр.

 

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)