Мазкур масала дастлаб сиёсий партиялар фракциялари мажлисларида батафсил муҳокама қилинган эди. Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни ҳал этишда Омбудсманнинг бевосита иштирок этиши орқали унинг фаолияти сифатини оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.
Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
Ф. Эшматова ҳисобот билан сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, ўтган 2020 йил дунё ҳамжамияти учун синовли йил бўлди. Коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатди. Ишлаб чиқариш жараёнларини сусайтирди. Бир сўз билан айтганда, барча соҳаларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Ўзбекистоннинг беш йиллик тараққиёт йўлини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганидан буён, йилма-йил инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жуда катта ютуқларга эришилди. Хусусан, Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Вакил ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Шунингдек, мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилди. Афв этиш ва жамоат бирлашмалари кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилиши, озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган маҳкумлар сонининг 2,5 бараварга камайиши инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида муҳим қадам бўлди.
Омбудсман таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланяпти. Ўтган йили АҚШ Давлат департаментининг расмий баёнотида Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан (Special Watch List) чиқарилгани эълон қилинди. Бу натижага эришиш йўлида Ўзбекистон экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувларни концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқди. Террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланганлар ташкилот ва гуруҳларга адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби тасдиқланди. Тўғри йўлдан адашган ва қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларга ўз оилаларига қайтиш имконияти берилди.
Пандемия Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига ўзининг таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Бунда, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан фуқароларнинг шахсий қабули вақтинча тўхтатилган бўлсада, Омбудсманнинг ишонч телефонига ҳамда электрон манзилига келиб тушган мурожатлар сони олдинги йилларга нисбатан ошди.
Қатъий карантин талаблари ўрнатилган бўлишига қарамай Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) ўзининг меҳнат фаолиятини доимий тарзда давом эттирди. Хусусан, Омбудсман ва унинг Котибияти ходимлари, жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида мунтазам мониторинг тадбирларини амалга оширди.
Қайд этилганидек, 2020 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14 975 та мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,0 фоизи сиёсий ва 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.
2020 йилда Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 4 486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олди ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларига улар бўйича 4 987 та сўров юборди.
Шунингдек, Омбудсманнинг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 16 та хулосаси тайёрланиб, вилоят ҳокимликларига, Ўзбекистон Республикаси Олий судига ва Бош прокуратурага, Ички ишлар вазирлигига юборилган. Бундан ташқари, судларга 30 та даъво аризаси ҳамда 21 та тақдимнома киритилди. Шу билан бирга Вакил хулосаси асосида прокурорлар томонидан суд қарорларига нисбатан 7 та протест киритилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар 1250 та ҳолатда асосли бўлиб чиқди. Мурожаат этувчиларнинг далил-исботлари 625 та ҳолатда ўз тасдиғини топмади, 1848 та ҳолатда ташкилотлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиб чиқди ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилмаганлиги маълум бўлди. Кўриб чиқишга қабул қилинган мурожаатларнинг 763 таси ўрганиш жараёнида.
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан 2543 та мурожаат юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига оид тушунтиришлар ва бу мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга доир тавсиялар берилди.
Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан 2020 йилнинг ўн икки ой давомида қамоқда сақлаш жойларида жами 76 та мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Хусусан, мониторинг ташрифларининг 42 таси жазони ижро этиш муассасаларида (16 таси манзил-колонияларда ва 26 таси жазони ижро этиш колонияларида), 9 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, 8 таси ички ишлар бўлимларида, 6 таси тергов ҳибсхоналарида, 5 таси Махсус қабулхоналарида, 2 таси Реабилитация марказларида ҳамда 4 таси карантин марказларда амалга оширилди.
Мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Ички ишлар вазирлигига ва Бош прокуратурага махсус ахборот киритилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатини узвий давом эттириш ва маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра, турли касалликлар билан даволанаётган маҳкумлар таркиби Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда таҳлил этилди. Таҳлилларга кўра, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 58 нафар 70 ёшдан ошган эркак ҳамда 60 ёшдан ошган аёл маҳкумлар рўйҳати Афв этиш масалалари бўйича комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак-ки, Жаҳондаги Омбудсман институтлари салоҳиятини баҳолаш бўйича фаолият юритувчи Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси Экспертлар гуруҳи томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) институти ўзининг халқаро позициясини мустаҳкамлаб, “Б” мақомга кўтарилганлигини эътироф этилди. Бу билан Омбудсман институтининг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланди.
Мажлисда Омбудсманнинг 2020 йилдаги фаолиятига доир ҳисобот танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Шундан сўнг муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари
бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати