Тадбирда дунёнинг 50 та давлатларидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қиливчи миллий институтлар ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг мақсади Европа болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC) ҳамда ЮНИСЕФ ташаббуси асосида Европа ва Марказий Осиёдаги Бола ҳуқуқларини таъминловчи идоралар яъни Болалар Омбудсманлари томонидан COVID-19нинг Бола ҳуқуқларини таъминлашга таъсирини баҳолаш (Child Rights Impact Assessments (CRIAs)) бўйича лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Маълумот учун: ENOC – Европа болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC) - бу болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил институтларининг (ICRI) нотижорат бирлашмаси. Унинг ваколати БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясида келтирилган болалар ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат. ENOCга ҳозирда 34 та давлатдан 43 та болалар ҳуқуқлари бўйича миллий иститутлар аъзо.
Бунда баҳолаш муайян белгиланган жойларда болаларнинг ўзига хос заиф гуруҳларини, шу жумладан муассаса парваришидаги, ҳибсга олинган ёхуд ёпиқ муассасаларда сақланаётган, зўравонлик таъсирига учраган, мажбурий меҳнатга жалб этилган ёки миграция пайтида ушланган болаларни ҳуқуқларини таъминланиш даражасини баҳолашни қамраб олади.
Тадбирда ўзаро COVID-19 вақтида болаларнинг ҳуқуқлари яъни, уларнинг таълим олиши, оилада ҳуқуқларини таъминланиши, шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болалар, мигрант болаларнинг ҳуқуқлари қай даражада таъминланганлиги ҳолатлари ҳамда миллий институтларнинг тажрибаси юзасидан фикр алмашинилди. Шунингдек, COVID-19 каби инқирозли вақтларда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлатларнинг тажрибасини ўрганиш бўйича лойиҳани амалга ошириш масаласи кўриб чиқилди.
Шотландиянинг болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича вакили, ENOCнинг амалдаги раиси Брюс Адамсон томонидан лойиҳа юзасидан барча давлат тажрибаси ўрганилишини ва ушбу лойихага Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикалари иштирок этиш учун таклиф қилингани маълум қилинди.
Брюс Адамсон бола ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ENOCга аъзо бола ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кенг қамровли ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳозирда устувор вазифа эканлигини билдирди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари
бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати