Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ОМБУДСМАННИНГ МИНТАҚАВИЙ ВАКИЛЛАРИ
“Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 208-моддасига кўра, Вакил Комиссия аъзолари орасидан ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини (бундан буён матнда Вакилнинг минтақавий вакили деб юритилади) тайинлайди.

Вакилнинг минтақавий вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли минтақада яшовчи жисмоний шахсларнинг ёки тегишли минтақада жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда кўмаклашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текширув ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасида ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириш.

Вакилнинг минтақавий вакили:

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Вакилга ахборот тақдим этиши;

арз қилувчининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Вакилнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор этмаслиги шарт.

Вакилнинг минтақавий вакили қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Вакилнинг минтақавий вакили фаолиятига кўмаклашади.

Вакилнинг минтақавий вакили инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти тўғрисида ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесини, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларини хабардор қилади.

Вакилнинг минтақавий вакилига Вакил томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

 

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати