Минтақавий вакил ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Омбудсманга ахборот тақдим этиши, арз қилувчининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Вакилнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор этмаслиги шарт.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси Зухра Реймова жамоатчилик асосида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили сифатида фаолият юритади.
Минтақавий вакил Зухра Реймова аҳолидан келаётган мурожаатларни кўриб чиқишда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар муаммоларини тезкорлик билан ҳал этишга ҳаракат қилади. Жумладан, З.Реймовага «Қос кўл» МФЙда ҳисобда турувчи фуқаро С.П. 3 нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан ижарада туриши, турмуш ўртоғининг ишсизлиги сабабли тўлов имконияти чекланганини билдириб мурожаат қилган эди. Минтақавий вакил мурожаат эгасининг яшаш манзилига бориб, унинг оилавий шароити билан танишгач, ушбу масала юзасидан тегишли ташкилотларга сўровнома юборди. Қисқа муддат ичида турар-жойга муҳтож бўлган мурожаатчи ва унинг оила аъзолари вақтинча яшайдиган ижтимоий уйга жойлаштирилди.
Шунингдек, Зухра Реймова Нукус шаҳридаги 2 нафар ишсиз фуқароларни 34-мактабга фаррош ҳамда Республика эндокринология диспансерига кичик тиббий ходим сифатида ишга жойлаштиришда амалий ёрдам берди. Яна 2 нафар йигит эса IT соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш ва касбга тайёрлаш мақсадида Нукус касб-ҳунар мактабида ташкил этилган компьютер саводхонлигини ошириш бўйича 2 ойлик курсга жойлаштирилди.
Пойабзал таъмирлаш устахонаси очиш учун жой ажратиш масаласида ёрдам сўраган мурожаат эгаси Е.Ҳ.га 21-кичик туман ҳудудидаги Беруний кўчасидан кичик ер ажратиб берилди.
Яна бир мурожаатчи Н.С.га 1 миллион 180 минг сўмлик ёзги ва қишки ортопедик пойабзаллар совға қилинди.
Бундан буён, Омбудсман минтақавий вакилларининг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятлари ҳақидаги маълумотлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) расмий веб сайти ва ОАВ орқали мунтазам равишда эълон қилиб борилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман) Матбуот хизмати