Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлашнинг янги боскичи
2 март – Ўзбекистон БМТга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинган кун. Сана муносабати билан жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази ҳамда Жaҳон иқтисодёти вa дипломaтия университети билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлашнинг янги боскичи” мавзусида талабалар учун давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланишича, бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги ягона, том маънода универсал халқаро ташкилот ҳисобланиб, у давлатларнинг ўз сарҳадларидан ташқарига чиқадиган масалаларни ҳал этиб келмоқда.

Бундан 28 йил олдин янги демократик давлат сифатида Ўзбекистон Республикаси Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланганидан буён, муҳим масалаларни ҳал этишда БМТнинг кўмагига таяниб келмоқда.

Давлат раҳбари ҳам жорий йилнинг 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида ”Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик тарихи инсон ҳуқуқлари универсал қадрият эканига эътибор қаратиб “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради” дея таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова сўнгги йилларда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар тамонлама таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган йили қабул қилинган 70 дан ортиқ қонунларда ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлик қилиши қайд этилди.

Шунингдек, Омбудсман ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаганликлари, мазкур вазифа Давлат раҳбарининг Парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳамда 2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам акс этганига эътибор қаратди ва бу борада олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида Вакил жамоатчилик вакиллари ва ОАВ билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб, уларнинг якунлари юзасидан парламентга ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга таҳлилий маълумотлар тақдим этиб боради. Шунингдек, вакил номига келиб тушган мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили асосида депутат ва сенаторлар, қолаверса, ижро органлари вакиллари билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил этиб, муаммоларни жойида ҳал этиш амалиёти кучайтирилади. Энг муҳими, аҳолининг мурожаатлари билан ишлашда натижадорликка, ҳар бир мурожаат ечими топилишига асосий эътибор қаратилади. – деди Ф.Эшматова

Шунингдек, давра суҳбатида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори ҳамда профессор-ўқитувчилари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбир давомида, талабалар Ўзбекистоннинг  БМТ билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги 29 йиллик ҳамкорлиги натижасида қўлга киритлган ютуқлар, қолаверса, Давлат раҳбарининг жорий йилнинг 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббусларининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати