Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ОМБУДСМАН ДАЪВО АРИЗА КИРИТДИ
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг Миробод бўлимида 22 йилдан буён бош ҳисобчи лавозимида фаолият юритган фуқаро Наталья Сарсеньбаева ишга тиклаш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Омбудсман институти ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш давомида аниқланишича, ушбу мурожаатнинг келиб чиқишига 2020 йилдаги пандемия сабаб бўлган.

Пандемия туфайли мамлакатимизда юқумли касалликларга қарши курашиш борасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича фаолият такомиллаштирилиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, улар негизида янги Санитария-эпидемиология хизмати ташкил этилди.

Мурожаатчининг тушунтиришича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Миробод тумани бўлинмаси раҳбарияти томонидан мазкур тизим такомиллаштирилганлиги важ қилиниб, 22 йиллик иш тажрибасига эга бўлган бош ҳисобчидан лавозимдан озод қилишни сўраб ариза ёзиш сўралган.

Маълумки, Давлат раҳбарининг 2020 йилнинг 25 июлидаги “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида янги ташкил этилган Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари тегишинча Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланиши белгиланган.

Мурожаатда келтирилишича, собиқ бош ҳисобчи унинг ишдан бўшатилишига ҳуқуқий баҳо бериш учун Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилган. Инспекция мазкур ташкилот томонидан амалга оширилган ҳаракатлар қонунга зид эканлиги тўғрисида хулоса беради. Лекин, ушбу ҳужжат Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг Миробод бўлими томонидан эътиборсиз қолдирилади.

Шундан сўнг, собиқ ҳисобчи Омбудсманга мурожаат қилган. Фуқаро Наталья Сарсеньбаеванинг мурожаатига асосан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳолат батафсил ўрганилиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармасига тақдимнома киритилди. Унга жавобан, мазкур бошқарма ва унинг худудий бўлимларининг барча ходимлари огохлантириш хати асосида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилингани, айни пайтда бўш вакантлар йўқлиги ҳамда ишсиз қолган ходимларнинг маҳаллий меҳнат органига иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги маълум қилинган.

 “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Вакил масала юзасидан судга даъво аризасини киритди.

Судда Омбудсман даъво аризасини кўриб чиқиш жараёнига Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси кенгаши вакили ҳамда Давлат меҳнат инспекцияси масъул ходимларини ҳам жалб этди.  

Суд далилларга асосан ишни кўриб чиқиб, фуқаро Наталья Сарсеньбаева фойдасига ҳал этди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, собиқ бош ҳисобчи ишга қайта тикланди ва у ҳозирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Миробод тумани бўлими бош ҳисобчиси лавозимида фаолият юритмоқда. Шунингдек, суд қарори билан унга етказилган маънавий зарар учун салкам 5 млн. сўм ҳамда 3,5 ойлик мажбурий прогул учун компенсация пулларининг ундирилиши белгиланди. Қарорнинг компенсация ундирилиши билан боғлиқ қисми Мажбурий ижро бюроси иш юритувига олинган.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман) Матбуот хизмати