Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги Минтақавий вакили оғир шароитда яшовчи 13 та оилага уй-жой берилишига эришди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зухра Реймова Нукус шаҳридаги бир нечта маҳаллаларни айланди. Доимий равишда оғир турмуш шароитида яшаётган фуқаролар муаммоларини ўрганиш давомида Минтақавий вакил маҳалла биносида яшаб келаётган аёл мурожаатини эшитди.

Аниқланишича, ушбу оила истиқомат қилаётган бино яшаш учун мўлжалланмаган нотурар жой ҳисобланади. Қолаверса, аёлнинг соғлиғи кундан-кун ёмонлашиб, вақтида даволанишга қўли калталик қилгани сабаб ҳозирда оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолган.

Мурожаатни назоратига олган Зухра Реймова дастлаб, хаста аёлни Нукус шаҳар шифохонасининг кардиология бўлимига жойлаштириб, унинг соғлиғи малакали тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинишини таъминлади.

Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зухра Реймова Нукус шаҳридаги маҳаллаларни айланиш давомида ночор аҳволда яшаётган яна 12 та оила ҳонадонида бўлиб, уларнинг ҳам мурожаатларини қабул қилди. Зухра Реймова суҳбатлашган фуқароларнинг сўзларига кўра, улар кўп маротаба тегишли давлат ҳокимияти ва идораларга мурожаат қилишган бўлса-да, улар эътиборсиз қолдирилаверган. Ачинарлиси, ушбу оилалар орасида ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам мавжуд.

Минтақавий вакил мазкур мурожаатларни ўз назоратига олгач, ушбу оилаларга маҳаллий ҳокимият ҳисобида турган уй-жойлар ажратилди. Ҳозирда 13 та оиланинг барчаси янги уйларга кўчиб ўтишган.

Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати