Аниқланишича, 2018 йил ВМнинг “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Сижжак қишлоғида жойлашган “Қайнарсой” қароргоҳида туташган ҳудудларнинг архитектура қурилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан 130 нафар фуқароларга Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2018 йил 18 июлдаги 1827-сонли қарори билан “Сарбоғ” ва “Нанай” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги туман заҳира ерлари таркибидан жами 12.0 гектар суғориладиган якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан (ҳар бир уй-жойи бузулишга тушган фуқарога 0.06 гектардан) ер майдонлари ажратиб берилиши белгилан эди. Туман ҳокимининг мазкур қарори 2019 йилда Тошкент вилояти ҳокимининг қарори билан тасдиқланган. Аммо...
Мурожаатда кўрсатилишича, 2020 йил 10 июлда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 1697-сонли қарори қабул қилиниб, бу билан 2018 йил 18 июлдаги 1827-сонли туман ҳокимининг қарори бекор қилинган ва шу билан бирга фуқароларга ажратилган умумий майдони 12 га ердан фойдаланиш ҳуқуқи чеклаб қўйилган. Шундан сўнг, мазкур ҳолат юзасидан бир гуруҳ фуқаролар томонидан маъмурий ишлар бўйича Нурафшон туманлараро судига даъво аризаси киритилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ушбу мурожаатга илова қилинган барча ҳужжатларни ўрганиб, ўзининг Хулосасини тақдим этди. Суд томонидан 2021 йил 15 апрель куни сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда ариза қаноатлантирилиб, Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2020 йил 10 июлда 1697-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати