Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори ўзаро ҳамкорлик масалаларини келишиб олишди
Хабарингиз бор, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директори Маттео Мекаччи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи давомида Олий Мажлис палаталари, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги билан учрашувлар ўтказди.

Жорий йилнинг 29 апрель куни мазкур ташриф доирасида делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова билан учрашди.

Учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) меҳмонни мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси, Вакил институтининг қонунчилик базаси такомиллаштирилгани ва ваколатлари кенгайтирилгани ҳамда қийноқларни олдини олиш бўйича Омбудсман зиммасига юклатилган вазифалар, жумладан, Миллий превентив механизм доирасида ёпиқ муассасаларга уюштирилган мониторинг ташрифлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзаро мулоқот давомида 2021 йилда Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида режалаштирилган ташаббуслар ҳамда 2020 йилда Вакил номига юборилган мурожаатлар таҳлили борасида ҳам ўзаро фикр алмашилинди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида қилган маърузасида қийноқлар масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, Омбудсман институти зиммасига мамлакатимизда қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш бўйича қатор вазифаларни юклаш билан бирга унинг ваколатларини кенгайтириш масаласини ҳам илгари сураётгани қайд этилди.

Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларига ННТ ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида мониторинг ташрифларини ўтказиш тизимли йўлга қўйилганлиги ҳамда бу борада Парламентга мунтазам тарзда маълумотномалар киритиб борилаётганлиги ҳам таъкидланди.

Хусусан, 2020 йилда жами 76 та мониторинг (жорий йилнинг 3 ойи давомида 25 га яқин мониторинг) тадбирларини амалга оширилганлиги ҳамда мониторинг ташрифлари давомида тайёрланган маъулмот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатасига киритилганлиги маълум қилинди.

2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинганлиги, ушбу Сайлов кодекси билан ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган жиноятни содир этган маҳкумлар ҳам сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи вужудга келганлиги, жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини Омбудсман кузатиб боришини таъкидлади.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувда ДИИҲБ директори М.Мекаччи инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати