Омбудсман бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистон Республикасининг 152 нафар фуқароси вақтинча сақланаётган ушбу марказда ҳамюртларимизнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш каби шароитларини ўрганиш билан бирга муҳожирларни қизиқтирган барча масалалар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар беришди. Шунингдек, улар меҳнат миграцияси соҳасида Россия Федерацияси қонунчилигининг асосий нормалари ҳақида хабардор қилинди.
Омбудсман ва Красносель туманида жойлашган 1-сонли хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази вакиллари билан мулоқотда чет эл фуқароларининг шахсини аниқлаш жараёни, уларини ўз Ватанига қайтаришда ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва уни соддалаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматовалар Санкт-Петербург иқтисодиёт олий мактаби илмий-тадқиқот университетининг кафедра мудири, Санкт-Петербург гуманитар ва сиёсий маркази президенти профессор А.Ю.Сунгуров ва Санкт-Петербургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Аппарати раҳбари О. О. Штанниковалар билан ҳам учрашишди ва ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати