Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тошкент вилоятидаги 3 та жазони ижро этиш муассасалари ўрганилди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида Омбудсман зиммасига ҳаракатланиш чекланган ёпиқ муассасаларда қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича мониторинг ташрифларини амалга ошириш ва бу ҳақда Парламентга ҳар чоракда ахборот тақдим этиш белгиланган.

Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Омбудсман ва унинг ҳузурида фаолият олиб борувчи жамоатчилик гуруҳлари томонидан жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда. Навбатдаги мониторинг Омбудсман Котибиятининг Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш фаолиятига кўмаклашувчи сектор ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги 44-сон, Зангиота туманидаги 46-сон ва Оҳангарон туманидаги 48-сон Манзил-колонияларига амалга оширишди.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу колонияларда аввал ўтказилган ташрифлар давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги, жумладан Интизомий бўлинма, ювиниш жойлари ва ҳожатхоналарнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ва бу жойларда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ўрнатилган меъёр талабларига жавоб бериш ҳолатлари ўрганилди. Ўрганиш давомида, аниқланган камчиликлар бартараф этилганлиги, ювиниш жойлари ва ҳожатхоналарда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги ҳамда колониялар ҳудудида ободонлаштириш ишлари ўтказилганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг, колониялардаги узоқ муддатли учрашув хоналари, ҳуқуқий, диний ва бадиий адабиётлар билан жамлаган кутубхоналар ҳамда меҳнат қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун яратилган бошқа шароитлар ўрганилди.

Шунингдек, колониялардаги Тиббиёт бўлинмалари ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам ўрганилиб, каронавирус инфекцияси билан зарарланиш хавфи мамлакатимизда сақланиб қолаётгани сабабли, ажратилиши зарур бўлган дори-дармонлар таъминоти текширилди.

Мониторинг доирасида, “Омбудсман қутиси” кўздан кечирилди, 12 нафар маҳкум билан шахсий ҳамда 100 дан ортиқ маҳкум билан оммавий қабуллар ўтказилди.

Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасида Омбудсман томонидан мониторинг ташрифлари давом эттирилади.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати