Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим масалалари муҳокама этилди
Жорий йилнинг 24-25 май кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастури билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг “Кортъяд Марриотт Ташкент” маҳмонхонасида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ва Котибият ходимлари учун “Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларда Омбудсманнинг тутган ўрни” мавзусидаги ўқув семинар ташкил этилди.

Ушбу семинарнинг ташкил этишдан мақсад - Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия ҳамда Омбудсманнинг минтақавий вакилларининг давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашдаги салоҳиятини кучайтиришдан иборат.

Семинарда шахсга нисбатан қийноқлар, бошқа шафқатсиз ёки унинг шаънини камситувчи жазо ва муомала шакллари инсон ҳуқуқларининг энг қўпол равишда бузилиши экани умумэътироф этилган ҳақиқат экани қайд этилди. Таъкидланишича, қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, қийноқ элементининг учраши инсон ҳуқуқларининг кафолатланмаётганидан далолат беради. Шунинг учун халқаро ҳамжамият томонидан инсониятга қарши жиноятлар орасида айнан қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаблар билан курашишга алоҳида устуворлик берилади.

Маърузачининг сўзларига кўра, ҳозирда дунё бўйича 88 та давлат Факультатив протоколни ратификация қилган бўлиб, уларнинг 67 тасида Миллий превеньтив механизм жорий этилган. Семинар давомида Миллий превентив механизмнинг халқаро тажрибадаги моделлари ва чет давлатларидаги қамоқоналарда учрайдиган камчиликлар, шунингдек, мониторинг ташрифларида эътибор қаратиш лозим бўлган жихатлар ҳақида маълумот берилди.

Семинар-тренингнинг амалий машғулотлар қисмида “Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қандай янги нормаларни киритиш кераклиги бўйича бахс-мунозараларга бой машғулотлар ўтказилди.   

Тренинг доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилди.

2 кунлик семинар тренинг интерфаол усулда ташкил этилиб,  иштирокчилар фаоллиги, фикр мулоҳазалари, амалий машғулотлардаги иштироки билан бойитилди. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати