Суҳбат давомида Омбудсман сўнгги йилларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Омбудсман институтининг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва унинг қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатларини янада кенгайтиришга қаратилган “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ҳужжатга кўра Омбудсманга Конституциявий судга масалалар киритиш, унинг мажлисларида иштирок этиш ва ушбу тадбирларда ўз нуқтаи назарини баён этиш, фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқлари ва ваколатлари берилди. 2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Учрашувда 2021 йилдан Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида ўтказиладиган мониторинг ташрифларини тизимли йўлга қўйилгани ҳамда бу борада Парламентга мунтазам тарзда маълумотнома киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилгани қайд этилди.
Шунингдек, ўзаро мулоқот давомида ногиронлар ҳуқуқларини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар, 2021 йилда Омбудсман номига юборилаётган мурожаатлар таҳлили ҳамда шу кунларда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёнларида Омбудсманнинг ўрни юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилинди. Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати