Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида 5 та жазони ижро этиш муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 2 таси умумий тартибли, 2 таси қаттиқ тартибли ва1 таси манзил-колонияни ташкил этади.
2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги давомида Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар томонидан жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Маълум бўлишича, ижобий тавсифланган 519 нафар маҳкумга нисбатан инсонпарварлик далолатномалари қўлланилиб, улардан 83 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 123 нафари жазони енгилроғи билан алмаштирилган ҳамда 313 нафари манзил-колонияга ўтказилган.
Махсус прокуратура томонидан колония бошлиқларининг маҳкумларга нисбатан қўлланилган интизомий жазо чоралари қўллаш ҳақидаги ҳамда инсонпарварлик далалатномаларини қўллаш бўйича колония маъмурий комиссияларининг қарорлари мунтазам равишда ўрганилган. Натижада 2020 йилда колония бошлиқларининг 18 та, маъмурий комиссияларнинг 36 та, 2021 йилнинг биринчи чорагида колония бошлиқларининг 27 та қонунга зид қарорларига протестлар киритилиб, жами 81 нафар маҳкумларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Таъкидлаш жоизки, ўрганиш давомида маҳкумлар учун малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиб келинаётганлиги аниқланди.
Мониторинг тадбирларида ушбу муассасалар тиббий асбоб-ускуналар, зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланганлиги аниқланди ва бу ерда яратилган шарт-шароитлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга муносиб эканлиги билдирилди.
Бироқ, маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг таъминланишида ҳамда маҳкумлар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилишини олдини олиш борасида амалга оширилган ишларга қарамасдан айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолган. Хусусан, манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланилмаган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати