– Болалар Омбудсмани фаолияти нималардан иборат? Ўзи бу лавозим жамиятга керакми?
– Хориж давлатларида болалар омбудсмани болалар ҳимоячиси деб ҳисобланади. Биз адвокатлик фаолиятини кўрсатмаймиз. Лекин биз болалар манфаати учун керакли давлат органларига мурожаат қилишимиз мумкин. Фаолиятимиз Конституциядан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатларда келиб чиққан ҳолда болалар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
– Ўзбекистонда болаларнинг қандай ҳуқуқлари бузилмоқда? Болаларга нисбатан зўравонликлар содир бўляптими?
– Болаларга нисбатан зўравонлик учраб турибди. Ҳатто 5–9, 10–14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Бу ҳақиқатан ачинарли ҳолат. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий ҳат билан мурожаат қиламиз.
Ушбу ҳолатлар юзасидан суд жараёни ўтказилганда, Болалар омбудсмани вакили қатнашиб, жабрланган болани ҳимоя қилишга киришади. Шу каби вазият содир бўлганда, қонуний вакилимиз судда қатнашди ва жиноятчига нисбатан 15 йиллик қамоқ жазосини тайинлашга эришилди.
– Жинсий зўравонликка учраган болалар номидан болалар омбудсманига қанча мурожаатлар келиб тушди?
– Мурожаатларни кўриб чиқишда ота-оналар, яқинлари билан мулоқот олиб борамиз. Имкон даражасида жинсий зўравонликка учраган болаларнинг ўзи билан ҳам гаплашамиз. Бир йил ичида менга 10га яқин шундай мурожаатлар келиб тушди. Болалар билан шунақа ҳодисалар содир бўлиши ачинарли.
Болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам берган бўламиз. Шу мақсадда Бош прокуратурага таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирганмиз.
Бошқа хорижий мамлакатларга қарайдиган бўлсак, бу каби жиноятларга 20-25 йил, ҳатто бутун умрлик жазо тайинланади. Ўзбекистон Республикаси ЖКда вояга етмаган болаларга нисбатан жиноятларга жазо муддати белгиланган. Аммо 16 ёшга тўлган ва 5 яшар бола ўртасида фарқ катта. Демак, ҳали эндигина 5 ёшга тўлган болага қўлланган жинсий зўравонлик учун жазо қаттиқроқ бўлиши керак, деган фикрдаман.
– Болаларнинг шахсан ўзи омбудсманга мурожаат қилиши мумкинми?
– Болаларнинг ўзи мурожаат қилишган. Уларнинг мурожаати суд ҳукмидан норозилик бўлиб, судда уларнинг хоҳиш-истаклари қондирилмаган. Қонуний ажрашган оила фарзанди онасида қолиши керак бўлган, аммо дадасида қолиши бўйича суд қарори чиққан ёки аксинча ҳолатлар бўлган. Қарор чиққан судга омбудсман номидан хат юбориб, бу ҳолатни ўрганиб чиқишларини сўраганмиз.
Келгусида болалар шахсан ўзлари болалар омбудсманига мурожаат юборишлари учун қисқа ишонч телефонларини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
– Болаларнинг тарбия муассасаларига ташриф буюриб турасиз. Улар сизга ўз муаммоларини айтишади. Айтинг-чи, бугунги кунда уларни қандай муаммолар қийнаяпти?
– Боланинг энг катта ҳуқуқларидан бири оиласи бағрида яшаш, тарбия олишдир. Ота-оналар турли сабаблар туфайли болаларини меҳрибонлик уйига, гўдаклар уйига топширишади. Бу ачинарли ҳолат, тўғрими? Оила кодексига кўра, бола ота-она қарамоғисиз қолган бўлса, уни патронатга, васийга ёки фарзандликка бериш мумкин. Энг охирги чора меҳрибонлик уйига жойлаштириш бўлиши керак. Бизда бола ота-она қарамоғисиз қолдирилган бўлса, уни энг аввало, меҳрибонлик уйига топширишга ҳаракат қилишади.
Аслида, бундай бўлиши керакмас. Бизда ҳомийлик-васийлик органи тизими тўғри йўлга қўйилиши керак. Бу тизимни бутунлай ўзгартириш керак. Ҳудудларда ҳомийлик-васийлик органида бир масъул шахсга кўп масъулият юкланади, вазифалари кўп. Органнинг ваколатлари кўп ва кўп масалалар ечилмасдан қолиб кетяпти.
Ҳомийлик-васийлик органи фақат етим болалар билан ишлайди, деган тушунча нотўғри. Ота-она ва бола ўртасида келишмовчиликлар бўлса, ажрашган ота-оналар фарзандлари отаси ёки онаси билан учрашишида тўсқинликлар бўлса, ҳомийлик-васийлик органи ишда қатнашиши мумкин.
– Фарзандликка олиш тизими қийинлаштирилиши керакми?
– Жуда кўпчиликни қийнаётган савол бу. Ҳомийлик-васийлик органлари тизими такомиллаштирилса, бу каби муаммолар камаяди. Болани васийликка олиш, патронатга олиш ёки фарзандликка олиш тартибланмаган. Болани фарзандликка олаётганда, ҳоким қарори керак бўларди. Бу жараёнда кўплаб қарорлар бекор қилинарди, яъни бола меҳрибонлик уйига қайтариб бериларди.
Фарзандликка олиш жараёни суд орқали ҳал қилинсин, деган таклифлар бердик. Бола ўйинчоқ эмас. Ота-она болани тарбиялашга тайёр бўлиши керак. Бола узоқ кутилган неъмат. Шу сабабли болани осонликча фарзандликка олиш тизимини қўллаб-қувватламаган бўлардим.
Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Дониёр Якубов