Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда фуқаро Ўктамова Дилоромнинг низоли уй масаласида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ёрдамига муҳтож эканлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган  эди. Мазкур ҳолат Омбудсман ҳамда унинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганиб чиқилди.

Д.Ўктамованинг ёзишича, унинг турмуш ўртоғи умумий мулк ҳисобланган турар-жойини, хотинининг розилигисиз укаси – О.Октамовга 1996 йил олди-сотти шартномаси асосида сотиб юборган. О.Октамов эса 2012 йилда жиноят иши бўйича айбдор деб топилиб, унга тегишли мол-мулк, жумладан,  ушбу низоли уй ҳам баҳоланиб, сотувдан тушган пул маблағи зарар ҳисобига Сирдарё гидрогеология-мелиоратив экспедициясига ўтказилиши белгиланган. Лекин негадир, суднинг ҳукми вақтида ижрога қаратилмаган.

Мурожаат муаллифи 24 йилдан буён қайни укаси номига ўтказилган уйда яшаб келган мурожаатчи, 2020 йилнинг февраль ойидагина бундан ҳабар топганини маълум қилган ва 1996 йилда тузилган олди-сотди шартномасини бекор қилишда ёрдам сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасида эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари умумий мулк ҳисобланади. Қонун ҳужжатларига кўра, уни тасарруф этиш вақтида мулкдорларнинг розилиги олиниши белгиланган.

Дилором Ўктамованинг турмуш ўртоғи хатти-ҳаракатида  Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд, лекин орадан 24 йил вақт ўтган. Шу сабабли унга ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан айблилик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Шундан сўнг мурожаатчи, адвокатининг маслаҳати билан фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига 1996 йил Гулистон шаҳар 1-сон давлат нотариал идораси томонидан тузилган Ўктамов Шерали ва Октамов Обидлар ўртасидаги олди-сотти шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан даъво ариза киритган. Лекин, даъвони қаноатлантириш рад этилган.

2021 йил 18 май куни Сирдарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан 1-инстанция суд ҳал қилув қарори ўзгартиришсиз қолдирилган.

Суд томонидан Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра умумий даъво муддати 3 йил эканлиги, шунингдек, 2012 йилда О.Октамовнинг жиноят иши кўрилган жараёнда ҳам низоли уй сотилганлигинидан хабар топган бўлиши кераклигини инобатга олиб, унинг уй сотилганлигини 2020 йилнинг февраль ойида билганлиги ҳақидаги важини асоссиз деб ҳисобланган.

Даъво муддати ўтган бўлишига қарамай, 2 маротаба судга даъво аризаси киритишни маслаҳат бериб, ҳақ олган адвокат, бу сафар, мурожаатчининг тўлашга маблағи йўқлиги сабабли ижтимоий тармоқ орқали Омбудсмандан ёрдам сўрашни маслаҳат беради. Аслида эса, биринчи навбатда судга умумий мулкдаги улушни белгилашлик бўйича даъво берилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига мувофиқ, мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Агарда Д.Ўктамованинг умумий мулкдаги улуши аниқланганида, даъво муддати масаласи юзага келмас эди.

Ҳозирда, ушбу мурожаат Омбудсман назоратига олинган бўлиб, мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва даъво муддатини тиклаш бўйича маълумот тўплаш мақсадида, тегишли ташкилотларга сўров юборилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати