Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ОМБУДСМАН: мамлакат фуқароларининг ҳуқуқлари хорижда ҳам бирдек ҳимоя қилиниши лозим
Бугунги кунда Омбудсман институти ҳозирги замон демократик жамиятининг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу – бежиз эмас, чунки Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) жамият тараққиётига бевосита таъсир этувчи бир қатор вазифалари бор, уларни самарали амалга оширилиши, аввало, мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривож топишига, одамларнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Айниқса сўнгги йиллардаги Омбудсман фаолияти давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда  муҳим роль ўйнади.

Шу боисдан бугун Омбудсман институти Ўзбекистонда ижро ҳокимияти фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.

Бунда айниқса, бевосита фуқароларнинг мурожаатларига асосланган ҳолда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, манфатларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Бу эса нафақат мамлакатимизнинг ўзида, балки ундан ташқарида ҳам ҳамюртларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лозимлигини англатади.

Шу ўринда айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш бўйича самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат тузилмаси – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти  ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлар ажратиш, миқдори 2 млн сўмгача бўлган микроқарзларни тезкор расмийлаштирган ҳолда бир банк куни ичида тақдим этиш, меҳнат мигрантлари ҳаёти ва саломатлигини суғурта қилиш бўйича суғурта бадалларини қоплаш учун субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.

 Чет элда қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларда тўланадиган моддий ёрдам базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача оширилди.

Чет элда меҳнат фаолиятини якунлаб қайтган шахсларнинг тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида субсидиялар тўланиши белгиланди.

Маълумотларга кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг хорижий давлатлардаги  ваколатхоналари орқали хорижда ишлаётган 105 187 нафар меҳнат мигрантитга ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, 348,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.

Шунингдек, 651 нафар меҳнат мигрантига “birgamiz.com” портали орқали Агентлик томонидан тўғидан-тўғри йўналтирилган бир марталик моддий, 459 нафарига озиқ-овқат ва нақд пул кўринишида ёрдам кўрсатилган. Бошпанасиз қолган 81 нафар меҳнат мигранти хостелларга жойлаштирилиб, 55 нафар оғир вазиятга тушиб қолган, 34 нафар Россия Федерацияси ИИВ Вақтинчалик сақлаш марказларида сақланаётган меҳнат мигрантлари ва 120 нафарга яқин вафот этган фуқароларнинг жасадлари Ватанига қайтариб олиб келинган.

 Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида жорий йилнинг 17-21 май кунлари Россия Федерациясига қилган хизмат сафари ҳам бу йўналишда қўйилган навбатдаги қадам бўлди. Ушбу ташрифнинг аҳамияти шундаки, сафар доирасида икки мамлакат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди ва бу борадаги аниқ режалар белгиланди. Шу билан бирга, Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг қабули ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Аслида, меҳнат миграцияси масалари ҳам мигрантларни юбораётган ва уларни қабул қилаётган мамлакатлар иқтисодиёти учун жуда муҳим. Зеро, аксарият мигрантларни қабул қилувчи мамлакатларда меҳнат муҳожирлари бозор эҳтиёжларига бўлган талабни қондиради, демографияга оид паст кўрсаткичларнинг ўрнини тўлдиради ва ишчи кучи қисқаришини камайтиради. Агар уларнинг муайян қисми ўз биснесини йўлга қўйса, бу қабул қилувчи мамлакат иқтисодиёти ривожига хизмат қилади. Қолган ишчи қатлам ҳам солиқ ва мажбурий тўловларни амалга ошириб, ўша мамлакат хазинасини бойитади. Ўз навбатида, пул топиш учун чет давлатларга кетган фуқаролар ўз Ватанида қолган оилалари ва қариндошларига маблағ жўнатиш орқали валюта оқимини шакллантиради. Шундай экан, меҳнат мухожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – ҳар икки томон учун манфаатли масала. Ўзбекистон делегациясининг Россия Федерациясига қилган ташрифининг яна бир аҳамиятли томони ҳам шунда.  

Ҳозирда Россия Федерацияси ҳудудида бир ярим миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилаётганлигини ва улар билан боғлиқ жуда кўп масалалар пайдо бўлаётганлигини ҳисобга олсак, меҳнат мухожирлари ҳуқуқлари ҳимояси мамлакимизнинг тегишли идоралари қатори Омбудсманга ҳам қанчалик катта масъулият юклаётганини англаш қийин эмас.

Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлар чоғида юртдошларимиз Ватанига имкон қадар тез қайтиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, банк кредитлари ва жарималар бўйича қарздорликни қоплаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда кўмак кўрсатиш каби муаммоларни кўтардилар. Шунингдек, меҳнат ҳужжатларини расмийлаштириш ва  бошқа қатор масалалар ҳам мурожаатларда алоҳида қайд этилди. 

Аслида, ҳамюртларимиз РФда дуч келаётган шу каби муаммоларнинг туб негизига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг асосий сабаби – меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий саводхонлик даражасининг етарли эмаслиги кўзга ташланади. Аввало, мамлакатда бўлиб туриш муддатларига оғишмай амал қилиш талаб этилади. Чунки, кўпгина Ўзбекистон фуқаролари айнан шу муддатларни турли сабаблар билан бузилишига кўра, РФдан чиқиб кетишга мажбур бўлишади. Бундан аввал эса суд бўлади, сўнг мигрант вақтинча жойлаштириш марказида сақланади, кейин эса мамлакатдан чиқариб юборилади.

Буларнинг барчаси кучли стресс ҳолатига олиб келиши турган гап.  Оқибати эса ундан ҳам ёмон: РФ ҳудудида бўлиб туриш муддатининг бир кунга бузилиши бу - мамлакатга бир ёки икки йил келолмасликка сабаб бўлади. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун эса аввало, ҳуқуқий саводхонлик,  ҳуқуқий маданиятни юксалтиримиз лозим.  Бу борада зудлик билан аниқ амалий ишларни қилишимиз талаб этилади.

Шу билан бир қаторда икки давлатнинг меҳнат миграциясига оид қонун ҳужжатлари изчил такомиллаштирилиши, бу жараёнда ҳар икки томон манфаатлари тенг кўзда тутилиши лозим. Бугунги кунда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган.Меморандум доирасида ёрдамга муҳтож фуқароларга амалий кўмак кўрсатилмоқда.

 Умуман, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Россия Федерацияси ҳамда мамлакатимизга яқин қўшни давлатлардаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайтирилиши, бу борада тўпланган тажриба билан ўртоқлашиш, халқаро тажрибани ўзимизда қўллаш фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, пировардида уларнинг ҳуқуқларини, жойидан қатъий назар – у ҳоҳ мамлакатимиза, ҳоҳ ундан ташқарида бўлсин – юқори даражада ҳимоялашга хизмат қилади.

 Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)