Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман клуби” аъзолари қандай имкониятларга эга?
Жорий йилнинг 11 июн куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва ушбу меморандум доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қошида “Омбудсман клуби” ташкил этилди.

Учрашув давомида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш, уларда амалий ишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш, ТДЮУ талабаларини Омбудсман фаолиятига кенг жалб этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Тадбирда таъкидланишича, Тошкент давлат юридик университети томонидан таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлиги таъминлаш, билим ва истеъдодни рағбатлантириш ҳамда юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Омбудсман клуби”нинг ташкил этилиши ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан саналади.

Шу куннинг ўзида талабаларни Омбудсман фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолати” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман институтининг ваколатлари ва фаолият йўналишлари, қийноқларга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсати ва “Омбудсман клуби” аъзоларининг Вакил фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда мурожаатлар билан ишлашдаги иштироки ҳақида сўз борди.

Омбудсман Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, унинг ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.



Ҳозирда Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Кунига 150-200 та баъзида ундан ҳам кўп мурожаатлар келиб тушади. Бу бир томондан халқнинг Вакилга нисбатан ишончини билдирса, иккинчи томондан унга катта масъулият ҳам юклайди. Шунинг учун, халқ ишончини оқлаш, мурожаатларни ҳал этишда натижадорликка эришиш ҳамда қийноққа қарши курашишда мавжуд имконият ва ресурсларимиздан максимал даражада фойдаланаяпмиз. Лекин, малакали юридик кадрларга эҳтиёжимиз ҳам ортиб бормоқда. Чунки, биргина мурожаатни ўрганиб чиқиб, давлат идораларига сўров юбориш, ахборот сўраш, Вакил хулосаси ёки тақдимномасини тайёрлаш учун маълум бир вақт ва малака талаб этилади. Мақсадимиз - ҳамкорликда ишлаб, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлаган ҳолда Омбудсман институтининг юқори малакага эга бўлажак юристларни етиштиришдир.

Тадбирда таъкидланишича, Омбудсман клуби” аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган мониторинг ташрифларини кузатиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари мумкин.

Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берди. Ушбу давра суҳбати орқали иштирокчилар Омбудсманнинг ваколатлари ва унга келиб тушаётган мурожаатлар, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши борасидаги халқаро ва миллий тажриба ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди ва яна шу каби учрашувларни доимий равишда ўтказиш таклифини билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати