Қайд этиш лозимки, мазкур ташрифни ташкил этишдан мақсад - ҳозирги кунда Мисрда таълим олаётган вояга етмаган шахсларнинг ўқиш ва яшаш шарт-шароитлари ўрганиш ҳамда инсон, жумладан болалар ҳуқуқларининг кафолатланиши бўйича Миср парламенти ва тегишли давлат идоралари билан ишлаш бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш эди.
Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Элчихонасида мусофирчиликда яшаётган ватандошларимиз билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди. Учрашув давомида уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари, бола ҳуқуқларининг таъминланиши билан боғлиқ масалаларни ўрганди ҳамда берилган саволларга жавоб берди.
Шунингдек ташриф доирасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бошчилигидаги делегация аъзолари Миср Сенати Инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Муҳаммад Аҳмад Абдусалом Ҳайбат, Миср Араб Республикаси Таьлим ва тарбия вазири ўринбасари Ридо Хижозий, Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик қўмитаси Раиси, Ўзбекистоннинг Мисрдаги туризм элчиси Абдулходий ал-Қасбий ва Миср Вакиллари кенгашидаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Раиси Ториқ Ризвон, “Ал-Азҳар” мажмуаси шайхининг хорижий талабалар масалалари бўйича биринчи ўринбосари Муҳаммад ад-Дувайний, Миср Ташқи ишлар вазири ўринбосари ва вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида ҳам мусофирчиликда кун кўраётган инсонлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларга таълим олиш ва меҳнат қилишлари учун муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида ҳамкорликда амалга оширишлари мумкин бўлган масалалар бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамюртларимиз томонидан кўтарилган масалалар ва таклифларни Мисрдаги мутасадди вакилларга етказиб, бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдирди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати