Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги манзил-колония ва тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифи амалга оширилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг Қийноқларнинг олдини олиш фаолиятига кўмаклашувчи сектор ходимлари ва жамоатчилик гурухи аъзолари томонидан Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳридаги 29-сон, Зафарабод туманидаги 30-31–сон Манзил колониялари, Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов тумани ИИО ФМБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги 39-сон, Гулистон туманидаги 40-сон Манзил-колонияларига, шунингдек, Ховос шаҳридаги 8-сон Тергов ҳибсхонасига навбатдаги мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу колонияларда маҳкумларга яратилган шарт шароитлар ўрганилди. Жумладан, интизомий бўлинма, ювиниш хоналари, маҳкумларнинг ётоқ жойлари ҳамда ошхоналарнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ҳолатлари кўздан кечирилди. Шундан сўнг, колониялардаги узоқ муддатли учрашув хоналари, ҳуқуқий, диний ва бадиий адабиётлар билан жамлаган кутубхоналар ҳамда меҳнат қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун яратилган бошқа шароитлар ўрганилди. Мазкур колонияларда маҳкумлар учун қониқарли шароитлар яратилган. Кузатув камералари ўрнатилган. Маҳкумлар билан ўтказилган суҳбатлар давомида ҳам колониядаги шарт-шароитлар юзасидан шикоятлар келиб тушмади.

Шунингдек, колониялардаги Тиббиёт бўлинмалари ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам ўрганилиб, каронавирус инфекцияси билан зарарланиш хавфи мамлакатимизда сақланиб қолаётгани сабабли, ажратилиши зарур бўлган дори-дармонлар таъминоти текширилди. Ушбу Манзил колонияларда ҳам тиббиёт ходимлари етишмаслиги маълум бўлди.

Мониторинг доирасида, “Омбудсман қутиси” кўздан кечирилди. Маҳкумлар томонидан қолдирилган мурожаатлар аниқланмади.

Ташриф давомида колониялардаги 37 нафар маҳкум билан шахсий ҳамда 150 нафардан ортиқ маҳкум билан оммавий қабуллар ўтказилди. Маҳкумлар томонидан тергов ҳаракатлари ва суд ҳукми юзасидан шикоятлар қабул қилиниб, керакли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов туманларининг ИИО ФМБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Сирдарё вилояти, Ховос шаҳридаги 8-сон Тергов ҳибсхонасига ўтказган ўрганишлари давомида, ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ҳожатхоналар, уларга берилаётган овқатларнинг сифати кўздан кечирилди.

Бундан ташқари, ушлаб турилган жами 66 нафар шахс билан якка тартибда сухбатлашилиб, улар томонидан ҳам суд тергов қарорларига нисбатан шикоятлар қабул қилинди.

Ўрганишлар давомида бир қатор камчиликлар аниқланиб, мутасаддиларга ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасида Омбудсман томонидан мониторинг ташрифлари давом эттирилади.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати