Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Комиссия йиғилишида Омбудсманнинг 2021 йил 1-ярим йилликдаги фаолияти таҳлил қилинди
Жорий йилнинг 27 июль куни Омбудсманнинг 2021 йилдаги асосий фаолият йўналишларини белгилаш бўйича Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши буйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Омбудсман ҳузуридаги комиссиянинг навбатдаги йиғилиши кун тартибидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (омбудсман) 2021 йил 1-ярим йилликдаги фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан Омбудсман олдида турган вазифалар, фаолиятдаги режалар ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили ҳамда Омбудсман ҳузуридаги комиссия раиси Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 632 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг сал кам 40 фоизи яъни 4083 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласига таълуқли. Омбудсман иш юритувига олинган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.

Фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасида судларга деярли 98 млн. сўм меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 5 та даъво аризаси киритилди, 24 нафар фуқарога 345,8 млн. сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланди, 10 нафардан ортиқ фуқаролар ишга тикланди, 2 нафар фуқаро иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун 4,4 млн. сўмлик соғлигига етказилган зарар ундирилди, шунингдек фуқароларга 108 млн. сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди, мурожат этувчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 164,8 млн. сўмлик зарар ундирилди, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 9 та фуқарога уй-жой ажратилишида ёрдам берилди, тадбиркорларга 135,0 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак кўрсатган.

Шунингдек, Вакил жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда Омбудсман томонидан юборилган сўровларга белгиланган муддатларда жавоб қайтармай, мурожаатлар билан ишлаш талабларини бузган тегишли давлат идоралари Вакил  тақдимномалари киритилгани ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 77 нафар ходимга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси, 6 нафар ходимга нисбатан “Жарима” интизомий жазо чораси қўлланилган ва 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинганини қайд этди.

Тадбирда шунингдек, Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида амалга оширилган ишлар, қонунчиликни такомиллаштириш, парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Омбудсман фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этиш ҳамда бошқа йўналишларда олиб борилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Йиғилиш давомида мажлис кун тартибига қўйилган барча масалалар юзасидан аниқ таклифлар билдирилди ва комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати