Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсманнинг) 2021 йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан брифинг ташкил этилди
2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 632 та мурожаат қабул қилинди 2020 йилнинг ҳудди шу даврида бу кўрсатгич 6 484 тани ташкил этган. Шундан, шахсий қабулда 723 та, сайёр қабулларда 83 та, почта ва телеграф алоқаси орқали 3 812 та, “Ишонч телефони” орқали 1 580 та, Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатиган мурожаатлар қутилари орқали 303 та, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали 1 582 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг қолган қисми такрорий мурожаатларга тўғри келади.

Мурожаатларнинг 39,9 фоизи фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 30,4 фоизи ижтимоий, 24 фоизи иқтисодий, 5,1 фоизи сиёсий ва 0,4 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри аҳолисидан бўлди – 1263 та. Бу кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 1093 тани, Сурхондарё вилоятида 873 тани, Тошкент вилоятида 729 тани, Самарқанд вилоятида 600 тани ташкил этди, энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикасида 159 та ва Навоий вилоятида 192 та қайд этилди.

Мурожаатлар моҳияти ва мазмунини ўрганиш якунлари бўйича 983 нафар мурожаат этувчининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар тўғрисида батафсил ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди, шунингдек тегишлилиги бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларга 2 653 та хатлар юборилди. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан салкам 6 мингта мурожаат ўз иш юритувига олинди.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ мурожаатни кўриб чиққан давлат органи белгиланган муддатларда жавоб юбориши, мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича далил-исботларни асослаши ёки рад этиши шарт. Мазкур талабларга риоя қилмаслик такрорий мурожаатлар сони ошишига олиб келади.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 16–17-моддаларига мувофиқ Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 22 та хулоса ҳамда 9 та тақдимнома киритилди ва уларнинг барчаси қаноатлантирилди. Бундан ташқари, судга 6 та даъво аризаси киритилган.

Омбудсман томонидан киритилган тақдимномалар вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама қилинган. Мазкур муҳокамалар якуни бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 77 нафар ходимга нисбатан “Ҳайфсан” 6 нафар ходимга нисбатан “Жарима” интизомий жазо чоралари қўлланилган ва 5 нафари эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласи бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Омбудсман мурожаатига асосан тегишли ташкилотлар томонидан 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.

Омбудсман ходимларини судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатларига асосан ҳисобот4 даврида 45 маротаба суд жараёнларида иштирок этилган.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман манзилига фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлар 221 тани ташкил этди. Келиб тушган шикоятлар фуқароларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаат қилиш ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлиб, 99 та шикоятда масъул мансабдор шахслар томонидан эътиборсиз қолдирилиши, 14 та шикоятда кўриб чиқиш муддатларининг бузилиши ва 39 та шикоят давлат органлари ва муассасалари жавобларининг мазмунидан қониқмаслик ва бошқа ҳолатлар баён этилган.

Шу билан бирга, Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва ундан чиқиш билан боғлиқ 32 та мурожаат, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари билан боғлиқ 8 та мурожаат келиб тушган.

Ҳисобот даврида Омбудсман манзилига фуқаронинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ 1 781 та мурожаат келиб тушган. Тоифалар нуқтаи назаридан олганда 587 та мурожаат фуқароларнинг шахсий мулкка бўлган ҳуқуқларини, 440 таси меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, 352 таси тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва уни рағбатлантириш, 297 таси фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини судда ҳимоя қилиш, 93 таси фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги суд қарорлари ижроси таъминланмаётганлиги хусусида бўлган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича судларга деярли 98 млн. сўм меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 5 та даъво аризаси киритилди, 24 нафар фуқарога 345,8 млн. сўмлик меҳнат ҳақи тўланиши таъминланди, 10 нафардан ортик фуқаро ишга тикланди, 2 нафар фуқарога иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун 4,4 млн. сўмлик соғлигига етказилган зарар ундирилди, шунингдек фуқароларга 108 млн. сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди, мурожат этувчилар фойдасига суд қарорларида белгиланган 164,8 млн. сўмлик зарар ундирилди, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 9 та фуқарога уй-жой ажратилишида ёрдам берилди, тадбиркорларга 135 млн. сўмлик ортиқча тўланган солиқ тўловларини қайтариб беришда кўмак кўрсатилган.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида келиб тушган 261 та мурожаатларнинг 146 тасида тадбиркорлар ва фермерларнинг мулклари асоссиз олиб қўйилганлиги, 35 тасида эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқида тегишли бўлган ер участкасига тенг бўлган бошқа ер участкаси берилмаганлиги, 28 тасида фуқаролар ўз вақтида бошқа турар-жой билан таъминланмаган ҳолда улардан турар жойи олиб қўйилганлиги ҳамда 52 тасида етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар олиб қўйилганлиги ҳолатлари баён этилган.

Фуқаролар мурожаатидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мулк ҳуқуқига доир 1 та масала киритилди.

2021 йилнинг 6 ойида Омбудсман манзилига фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқлари билан боғлиқ 129 та мурожаат келиб тушди.

Мазкур мурожаатларнинг 68 таси кафолатланган тиббий ёрдам олиш, 20 таси тиббиёт ходимларининг фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда 6 тасида тиббиёт ходимларининг нотўғри ташхиси натижасида фуқаронинг соғлиги ёмонлашганлиги ҳолатлари келтириб ўтилган ва 35 тасида бошқа ҳолатлар таъкидланган.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида оилани ҳимоя қилиш билан боғлиқ 142 та мурожаат келиб тушган. Шулардан 62 тасида оиладаги зўравонлик, 5 тасида болаларнинг бошқа ота ёки онага берилганлиги, 3 тасида турмуш ўртоғининг яқин қариндошлари томонидан таҳқирланиши ва 72 тасида бошқа ҳолатлар таъкидланган.

Омбудсман ҳамда Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик гуруҳи вакилларидан иборат эксперт гуруҳи томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 71 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 2020 йил якунлари бўйича 76 маротаба мониторинг ташрифи ўтказилган эди.

Ушбу ташрифларда Омбудсманнинг ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Республика Болалар ижтимоий мослашуви маркази, шунингдек “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти”, “Эзгулик”, “Гуманитар ҳуқуқий марказ” ҳамда “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари ва жамоатчилик фаоллари ҳамда ОАВ иштирок этди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида икки ярим мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ҳамда 667 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.

Ўтказилган мониторинг ташрифлари давомида маҳкумларни қамоқда сақлаш шароитлари, яъни яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маҳкумлар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги, таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахслардан ҳамда уларнинг яқин қариндошларидан 1 173 та мурожаат келиб тушди. Фуқаролар мурожаатларининг 492 таси суд ҳукмидан, 281 таси суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларининг боришидан шикоят қилган.

Мурожаат қилганларнинг 227 таси суд ҳукмини енгиллаштириш, 61 таси оила аъзоларига кўмак бериш, 47 таси Омбудсман билан учрашув, 37 таси бошқа муассасага ўтказиш ва 28 тасида тиббий ёрдам кўрсатишни сўрашган.

Шунингдек, Омбудсман томонидан қонунчиликни янада такомиллаштиришга оид Ўзбекистон Республикасининг 23 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 76 та моддасига таклифлар берилди.

Ҳисобот даврида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили жами 44 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказди.

Ҳисобот даврида Вакил томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 3 та хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 10 га яқин халқаро ташкилот вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, халқаро ҳамкор ташкилотлар кўмагида 5 та (жами 250 дан ортиқ шахс иштирокида) тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1 та халқаро конференция ташкил этилиб, унда Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Туркманистон давлатлари Омбудсманлари билан ўзаро тажриба алмашилинди ва ҳамкорлик истиқболлари келишиб олинди.

Шу билан бирга, Омбудсман хорижда ташкил этилган 4 та халқаро конференцияда иштирок этди. Жумладан жорий йилнинг 24 июнь куни Москва шаҳрида ўтказилган Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг V-йиғилишида иштирок этиб, унинг доирасида Россия Федерацияси, Арманистон, Қозоғистон, Сербия, Тожикистон, Монголия ва Қирғизистон Республикаси омбудсманлари билан тор доирадаги учрашувлари бўлиб ўтди.

Шунингдек, жорий йилнинг 17-21 май кунлари Россия Федерациясида ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари" мавзусидаги Ўзбекистон - Россия форуми” да иштирок этди ҳамда ташриф доирасида Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг қабули ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Ҳисобот даврида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан жами 600 дан ортиқ оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди.