Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман аралашуви билан  ходимини ноқонуний ишдан бўшатмоқчи бўлган иш берувчи жаримага тортилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактабидан ноқонуний асосда бўшатилаётган тренер қизнинг отасидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, у Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилди.

Маълум бўлишича фуқаро Р.Р. 2019 йилда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини давлат гранти асосида тугатган.

2021 йил 1 майда фуқаро Р.Р. билан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ўртасида меҳнат шартномаси тузилиб, ходим бадиий гимнастика тренери лавозимига 1 ой синов муддати билан ишга қабул қилинган.

Аммо, жорий йилнинг июль ойида ходимга иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил
23 сентябрдаги “Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 211-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 24 ва 25-бандлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2020 йил 9 январдаги 20-сонли буйруғининг 3 ва 4-иловаларининг ижроси таъминламаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3 ва 4-бандларига асосан Р.Р. билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилган.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг COVID-19 билан оғригани ва карантинга олинганлиги сабабли унинг ўқув ишлар буйича ўринбосаридан тушунтириш сўралганда, у тренер Р.Р.га тўгаракка қатнашадиган ўқувчиларни тўлиқ жамланмаганлиги ва ходим томонидан ушбу тўгарракка қатнашиш учун ўқувчиларни қидирув ишларини амалга оширмаганлиги учун ишдан бўшатиш тўғрисида огохлантириш хати берилганлигини маълум қилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг хеч бирида, қолаверса Р.Р.нинг хизмат йўриқномасида мактаб тренерлари тўгаракка қатнашадиган ўқувчилар қидирувини амалга ошириши тўғрисидаги банд йўқ.  

Бундан ташқари, ўрганиш ишлари давомида  Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандларига мувофиқ Р.Р.да ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги юзасидан таъсир чоралари мавжуд эмас, бундан ташқари меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишта бузишга олиб келувчи ҳеч қандай асос йўқлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолатда меҳнат қонунчилиги аслида ходим томонидан эмас, иш берувчи томонидан қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. Яъни Меҳнат кодексининг 101-моддасига биноан, иш берувчи томонидан жамоа шартномасида белгиланган бўлишига қарамай Касаба уюшмасига тақдимнома киритилмаган ҳамда касаба уюшмасининг розилиги олинмаган.

Ўрганиш натижаларига кўра, мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига ходимнинг меҳнат хуқуқлари бузилганлик ҳолатлари бўйича тегишли кўрсатмалар берилди ва  келажакда бу каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, жорий йил  26 август санасида мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига нисбатан баъзавий ҳисоблаш  миқдорининг ўн баробари, яъни 2 450 000 (икки миллион тўрт юз эллик минг) сўм миқдорида жарима солинди ва  ундирилди. Ҳозирда ишдан бўшатилиши бўйича огохлантирилган мактабнинг бадиий гимнастика тренери ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати