Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишидаги муҳим тарихий қадам
Ҳар бир давлат ўз тажрибасидан келиб чиқиб, йиллар давомида инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланишига харакат килади мазкур йўналишда ўз стратегиясини ишлаб чиқади,  уни амалга оширади. Ўзбекистонда қарийб 26 йилдан буён фаолият юритаётган Омбудсман институти ҳам чорак аср давомида тажриба тўплади, тегишли қонунчилик асослари мустаҳкамланди, ваколатлари кенгайди ва бу жараён ҳозирда ҳам давом этмоқда. Хусусан, Давлат раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Фармони ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги муҳим тарихий қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат Омбудсман институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини ва худудлардаги фаолиятини кенгайтириш ҳамда унга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишга қаратилгани билан жуда катта аҳамиятга эгадир.

Фармон билан Омбудсманнинг энг устувор вазифалари сифатида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш белгиланди. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларининг қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга урғу берилди. Фармонда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг ижросини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилмокда, бу бежиз эмас, чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид энг самарали таклифлар айнан Омбудсманнинг кундалик амалиётида, одамлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва экспертлик ҳамжамияти билан бевосита ҳамкорликда шаклланади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам айнан шу жараёнда юзага чиқади. Шу жиҳатдан янги фармон Омбудсман институтининг амалий аҳамиятини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, ҳужжатда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш вазифаси ҳам белгиланган. Инсон ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳам Омбудсманнинг муҳим функциялари қаторида қайд этилди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи вакилининг йўқлиги, қатор муаммоларни юзага кетираётган, кўп ҳолларда аҳолининг вақт ва маблағ сарф қилиб, мурожаат қилиш учун пойтахтга келишига сабаб бўлаётган эди. Чунки, шу пайтгача Омбудсманнинг минтақавий вакиллари жамоатчилик асосида ишлаб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаолиятини асосий ишидан ажралмаган ҳолда олиб борар эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони билан 2022 йилнинг 1 январидан Обудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда ишлайдиган бўлди. Бу жуда хам мухим, чунки энди халкимизнинг муаммолари ва масалаларини бевосита жойида тезкорлик билан хал этилишига эришилади.

Омбудсман минтақавий вакиллари ўз фаолияти давомида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этади ва ўтказади. Жумладан, фуқароларнинг шикоятларини қабул қилади ва кўриб чиқади, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашади. Шунингдек, ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказади.

Эътиборли жихати фаолияти давомида ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, шикоятни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Фармонга шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳудудларда жойлашган давлат органлари ва ташкилотларига монеликсиз кириши ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан зудлик билан қабул қилиниши белгиланмокда.

Омбудсманинг минтақавий вакилларига юклатилаётган вазифа ва берилаётган ваколатлар уларга нисбатан билдирилаётган ишончни англатади. Эндиликда ҳам улар ўз вазифаларига виждонан ёндошган ҳолда мурожаатчилар муаммоларини тинглашлари ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича бор имкониятларини ишга солишлари лозим.

Таъкидлаш жоизки, улар ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши аҳволи бўйича тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига йили маъруза тақдим қилади.

Табиийки, амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунни Фармонда акс этган ислоҳотлар асосида такомиллаштириш вазифаси ҳам қўйилди. Жумладан, ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган қонун лойиҳасида минтақавий вакилнинг мақоми, вазифа ва ваколатларига оид нормалар киритилади. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида "Омбудсман қутиси"ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби ва механизми каби қатор масалалар ҳам қонунннинг янги таҳририда акс эттирилади.

Ҳозирда ҳар бир соҳага тадбиқ этилаётган ахборот коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш амалиётининг инсон ҳуқуқлари соҳасига ҳам кенг жорий қилиш давр талаби. Шунингдек, бу ташкилотнинг  очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ишлашининг муҳим механизмидир. Шу нуқтаи назардан Фармон билан Омбудсман институтининг электрон ҳужжат айланиш тизимини яратиш ва уни ишга тушириш, ушбу тизимни вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаси билан интеграция қилиш, шунингдек, Омбудсман расмий веб-сайтининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифаси ҳам қўйилмоқда. Бу орқали мурожаатларни юборишдан тортиб, унинг ҳал этилишигача бўлган жараённи электронлаштириш, мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳоли учун қулайликлар яратишга эришилади.

Мазкур Фармон билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди. Ушбу чора-тадбирлар режаси орқали босқичма-босқич инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида Омбудсман институти фаолияти самарадорлиги янада оширилади.

Бир сўз билан айтганда, Давлат раҳбарининг инсон ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган мазкур фармонини кутилган ва тарихий ҳужжат дейиш мумкин. Чунки, унга мувофиқ жорий этиладиган ислоҳотлар занжири асосида Омбудсманнинг мурожаатлар билан ишлаш ва қийноқларга қарши курашишдаги ҳудудлардаги фаолияти кучайтирилади,  қонунчилик асослари янада такомиллаштирилади ва Омбудсман фаолиятини рақамлаштириш орқали мурожаатчиларга қулайликлар яратилади. Албатта, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, халқни рози қилиш борасидаги ислоҳотлар бундан буён ҳам давом этади.

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)