Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Зебунисо Муҳаммедова томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида 17-сонли ЖИЭКда Мирзоҳид исмли бир неча маҳкум жазо муддатини ўтаётганлиги, улар орасида Фарғона вилоятидан фақат бир нафар маҳкум Мирзоҳид Ботиров борлиги аниқланди.
Ушбу маҳкум суд ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми билан айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
2019 йилнинг 28 июль кунидан 17-сонли ЖИЭКда жазо муддатини ўтаб келмоқда. Ҳозирда колониянинг ғишт ишлаб чиқариш цехида ишламоқда.
Омбудсманнинг минтақавий вакили З.Муҳаммедова маҳкум М.Ботиров билан шахсан учрашиб, суҳбат ўтказганида, у хабарда ёзилган маълумотларни тасдиқламади. Маҳкум М.Ботировнинг сўзларига кўра, колония ходимлари томонидан унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган, ҳеч ким томонидан калтакланмаган ва тишларига ҳам зарар етказилмаган. Шунингдек, у колонияда унга нисбатан яхши муносабатда бўлинаётганлигини, зарур бўлганда тиббиёт бўлими ходимлари томонидан керакли муолажалар қилиниб, дори-дармонлар берилаётганлигини ҳамда ойлик маошларини ўз вақтида олаётганлигини қайд этган.
Ижтимоий тармоқда тарқатилган мазкур хабар юзасидан ўтказилган ўрганиш ишлари давомида маҳкумнинг танасида ва оғиз бўшлиғида ҳам қийноқ аломатлари топилмади.
Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакили колонияда жазо муддатини ўтаётган 5 нафар маҳкум билан ҳам яккама-якка тарзда суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида улар томонидан ҳам ижтимоий тармоқда тарқатилган мурожаатда қайд этилган ҳолатлар тасдиқланмади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати