Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаролар қабулида Омбудсманга қандай мурожаатлар келиб тушди?
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматованинг навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.

100 нафарга яқин фуқаро иштирок этган қабул давомида суд-ҳуқуқ, уй-жой, бандлик, ижтимоий ёрдам, алимент, кредит ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушиб, назоратга олинди. Баъзи мурожаатлар бўйича фуқароларга тегишли ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Қабул давомида наманганлик мурожаатчи, уч йил давомида турмуш ўртоғи ва келини томонидан босим ўтказилгани, жанжал чиқариб ёш боласи билан уйдан ҳайдалгани ва ҳозирда яшашга жойи бўлмагани учун вокзалларда тунаб қолаётганини билдирди. Омбудсман дарҳол  Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази  билан боғланиб, ушбу фуқарони марказга жойлаштирилишида ёрдам берди.

Фарғона вилоятидан Омбудсман қабулига келган мурожаатчи биринчи гуруҳ ногирони бўлиб, у шу кунга қадар 19 маротаба кўз жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган. Олий таълим муассасасига ўқишга кириб, олий маълумотли бўлиш истагида бўлган ушбу мурожаатчи Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришга баллари етмаганини қайд этиб,  Омбудсмандан ногиронлиги бўлган шахслар учун ОТМга кириш имтиёзларидан фойдаланишда амалий ёрдам беришини сўради.

Қайд этиш лозимки,  2020 йилнинг 15 октябрь куни Давлат раҳбари томонидан имзоланган янги таҳрирдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонун билан имконияти чекланганларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ қатор масалалар Қонун даражасида белгиланди.  Жумладан, ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлаш, бунда имконияти чекланган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси ажратилиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мурожаат назоратга олиниб, ногиронлиги бўлган мурожаатчини олий таълим билан қамраб олиниши бўйича қонун доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли таклифлар киритилиши белгилаб олинди.

Омбудсман шу куни шахсий қабулига келган барча фуқароларни қабул қилди.

Маълумот учунОлий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мутахассислари томонидан белгиланган жадвал асосида душанба – жума кунлари соат 10:00 дан 13:00 гача ва 15:00 дан 17:00 гача фуқаролар қабули ўтказилмоқда.

Манзил: 100027, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Ислом Каримов
шох кўчаси 16А-уй 

Ишонч телефони: 1096

Электрон почта: info_ombudsman.uzb@umail.uz

Расмий сайт: www.ombudsman.uz

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати