Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман: Оғир шароитда яшовчи фуқарога уй ажратилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига(омбудсманга) Нукуслик фуқаро Б.З. 5 йилдан буён авария ҳолатидаги уйда яшаши ва кунларнинг совиб кетиши оқибатида ўзи ва 10 яшар қизини соғлиғига жиддий зарар етаётгани бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Мазкур мурожаат ўрганиш учун Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зухра Реймовага юборилди.

Минтақавий вакил мурожаатчининг уй манзилига маъсул сектор раҳбари, маҳалла бўлим бошлиғи ва фуқаролар йиғини раиси билан   борганида ҳақиқатдан ҳам фуқаро жуда оғир шароитда яшаётганига гувоҳ бўлди. Уйнинг том қисмидаги тахталарни ваҳмак (термит) ҳашароти еб битираётгани сабабли, турар-жой авария ҳолатига келиб қолган.

Қолаверса, ёғингарчилик бўлса уй томидан чакки ўтади, иситиш тизими ишламагани сабабли уй доим совуқ ва зах ҳолатда бўлади.

Ўрганиш ишлари давомида фуқаро Б.З. ишсизлиги сабабли арзон турар-жой учун ипотека кредитини расмийлаштира олмаётгани ва тўловларни вақтида тўлаши учун ҳам доимий ишга эга бўлиши кераклигини маълум қилди.

Омбудсман вакили Зухра Реймованинг аралашуви билан мурожаатчига шаҳар ҳокимлиги балансида турган Нукус шаҳар “Елиабад” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон вақтинча ажратиб берилди.

Ҳозирги кунда фуқаро Б.З.нинг мутахассислиги бўйича доимий иш билан таъминланиш чоралари кўрилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати