Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман хорижий журналист билан учрашди
Хабарингиз бор, 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини ёритиш бўйича мамлакатимизга юзга яқин хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюришган. Улардан бири Қозоғистондаги infozakon.kz янгиликлар портали бош муҳаррири Марат Башимов Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан кўришиш истагини билдирган эди.

Жорий йилнинг 25 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил юридик фанлар доктори, профессор, infozakon.kz янгиликлар портали бош муҳаррири Марат Башимовни қабул қилди.

Ўзаро мулоқот давомида меҳмон кўп йиллардан буён инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида қатор илмий-тадқиқот ишларини олиб боргани ҳамда қатор хорижий давлатлар Омбудсман институтлари фаолиятини ўрганганини қайд этди.

Шунингдек, Қозоғистон Республикасида Омбудсман фаолиятига оид алоҳида қонун мавжуд эмаслиги сабабли “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуни ҳамда сўнгги йилларда Омбудсман фаолиятидаги ўзгартиришлар билан қизиқди.

Феруза Эшматова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун 1997 йилда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб қабул қилингани ва ўтган йиллар мобайнида такомиллашиб боргани, Вакилга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига масалалар киритиш, мажлисларида иштирок этиши ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш, фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш, маҳбуслар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ташкиллаштириш, уларни сақлаш шарт-шароитлари билан танишиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларига тўсиқларсиз ташриф буюриш каби инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ва самарали механизмларини тақдим этилганини қайд этди.

Учрашув якунида журналист саволларига батафсил жавоб олгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, Омбудсманнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширилгани ва ушбу илғор тажриба кўплаб давлатлар томонидан ўрганилиб ўз фаолиятига тадбиқ қилиниши мақсадга мувофиқлигини билдирди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати