Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татаристон Омбудсмани билан учрашди
Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизга кузатувчи сифатида ташриф буюрган Татаристон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сабурская Сария Харисовна билан учрашди.

Ўзаро мулоқот давомида 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларга яратилган шароитлар ва сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашдаги Омбудсманнинг ўрни борасида ўзаро фикр алмашилди.

Таъкидланишича, ўтган сайловда ногиронлиги бўлган шахсларга овоз беришлари учун зарур қўшимча шароитларни яратиш бўйича Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда қатор мониторинглар ўтказилиб, сайлов участкалари аъзоларига тавсиялар берилгани қайд этилди.

Шунингдек, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумлар ўз ҳуқуқидан ҳеч қандай монеъликларсиз фойдалана олишлари учун жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилган сайлов участкалари ҳам ўрганилган.

Ўз ўрнида сайлов жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Татаристон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сария Сабурская сайлов якунлари бўйича ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатларини кузатмагани, сайлов жараёнлари очиқ ва шаффоф ҳамда карантин талабларига мувофиқ ўтказилганини қайд этди.

Бу менинг юртингизга биринчи ташрифим ва унда Ўзбекистонни ўзим учун кашф қилдим. Унинг маданияти, бой тарихи, меҳмондўстлиги мени ўзига жалб этди. Сизнинг мамлакатингизда барча шарт-шароитлар инсон учун, кўплаб турар-жой мажмуалари, кўчалар, болалар майдончалари ва дам олиш масканларини кўрдим. Қолаверса, мамлакатингизда кенг кўламда қурилиш ишлари кетмоқда. Буларнинг барчасига Тошкент, Бухоро ва Самарканд шахарларида бўлганимизда гувох бўлдим.

Мен кўздан кечирган сайлов участкаларининг барчасида ҳамма шароитларнинг яратилганига гувоҳ бўлдим. Сайлов участкаларининг хар бир аъзоси сайловчиларга нисбатан илиқ ва очиқ муносабатда эканликлари уларнинг юзларидан сезилиб турибти. Мени қувонтирган жихатлардан яна бири, сайловда ёшларнинг кенг иштироки бўлди. Демак ёшлар юритинг келажаги ва тақдирига бефарқ эмас.

Шунингдек, сайлов участкасига келганлар билан бир қаторда бетоб бўлиб қолганлар учун ҳам кўчма сайлов қутилари хизмати кўрсатилиши, ногиронлиги бўлган шахсларга муайян шароитлар яратилгани, электрон сайловчилар рўйхатининг мавжудлиги, сайлов бўйича мобил телефонларга СМС хабарлари келиб тургани ҳамда сайлов жараёнларини ОАВда кенг ва очиқ ёритилганини кузатдим.

Қолаверса,бугун биз пандемиянинг оғир даврида яшаяпмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг кўп қисми вирусга қарши эмлангани - бу хавфсизлик шароитларини яратишга хожат ёқ дегани эмас. Сайлов участкаларида бу жихат ҳам эътиборга олиниб, улар ҳароратни ўлчаш учун термометр, ҳимоя ниқоби, бир марталик тиббий қўлқоп ҳамда ҳимоя ва профилактика воситалари билан таъминланган эди. Шунингдек, сайловчилар масофа сақлаган ҳолда участкага киритилди.

Шунингдек, Омбудсманлар мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, гендер тенглигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратиш ва фуқаролар билан ишлашда Вакил томонидан йўлга қўйилаётган янги механизмлар борасида ўзаро фикр алмашишди.

Учрашув давомида Татаристон Омбудсмани Феруза Эшматовага у томонидан юборилаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиб, ҳал этилаётгани бўйича ўз миннатдорлигини билдирди ва келгусида ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати