Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз жараён ва у Тараққиёт стратегиясининг асосини ташкил этади
Инсон ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати... Бу жумлалар ўтган беш йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар силсиласида тез-тез тилга олиниб, мамлакатимизда  инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш борасида муҳим қадамлар қўйилишига эришилди. Жумладан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмларнинг татбиқ этилиши орқали қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш, аҳолини қийнаб келган муаммоларнинг ҳал этиш, қийноқларни олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби қатор йўналишлар бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилиб, қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Ўзбекистоннинг биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигига сайлангани ҳам беш йиллик ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиши муносабати билан ўтказилган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида ҳам айни жихатларга тўхталиб ўтилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг кейинги беш йиллик йўли ҳақида нутқ сўзлар экан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурди. Ушбу стратегиянинг мамлакатимиз ривожланишининг турли соҳаларини қамраб олиб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида қурилгани муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, ушбу стратегиянинг биринчи йўналиши сифатида эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни янги поғонага кўтариш белгилаб олинди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан нутқда миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиши ва шу асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтирилиши, ва бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилиши таъкидланди.

Шу ўринда Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига тўхталадиган бўлсак, аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг кўпчилиги айнан қуйи ижро органларининг эътиборсизлиги оқибатида келиб тушади. Кўп ҳолларда ушбу мурожаатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг аралашуви билан юқори органга юборилган мурожаатидан кейингина ҳал этилмоқда. Маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш орқали эса масалаларнинг маҳалладан чиқмасидан ҳал этилишига катта замин яратилади.

Қайд этиш лозимки, Давлат раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Омбудсманнинг ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги ҳудудлардаги фаолияти янада кучайтирилади. 2022 йилнинг 1 январидан Обудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юритиб, халкимизнинг муаммолари ва масалаларини бевосита жойида тезкорлик билан хал этилишига эришилади. Қолаверса, фуқаролар вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга Омбудсман қабулига келиб оввора бўлишларига ҳам хожат қолмайди.

Президент айтганидек, бундан буён ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилиши эса шубҳасиз муаммоларнинг жойида ҳал этилиши ва ҳалқни рози қилишга шароит яратади.

Шу нуқтаи назардан ҳам раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак.

Тараққиёт стратегияси доирасида Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга ҳам устуворлик берилмоқда.

Қолаверса, парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини назоратга олиш ва жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш механизмининг амалга оширилиши орқали ижро ҳокимияти устидан халқнинг ишончли вакиллари ҳисобланган сенатор ва депутатларнинг назоратини ўрнатилишига эришилади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳам парламент назорати субъекти сифатида ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, парламент палаталари билан ҳамқорликни янада мустаҳкамлайди. Жумладан, ҳамкорликда мурожаатлар таҳлили ва ўтказилган мониторинг ташрифлари орқали мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг эшитувлари, сайёр қабуллар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса ўрнида, Давлат раҳбари таъкидлаганларидек,инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини барчамиз чуқур англашимиз ва бу борада олдимизда хали қиладиган ишларимиз  вазифаларимиз кўп эканини доимо ёдда сақлашимиз ва шунга қараб интилишимиз зарур.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)