Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Жиноят учун қайси жазо турини қўллаш самаралироқ?
Жорий йилнинг 18-20 ноябр кунлари Бухоро ва Хоразм вилоятларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилоти (Penal Reform International)нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда судьялар учун суд ишларини юритиш амалиётида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилоти (Penal Reform International)нинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, давлат органлари ва ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг малакасини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур тренингда Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти молиявий кўмагида тайёрланган Марказий Осиё давлатларида суд-ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида тайёрланган услубиятнинг мазмун-моҳияти билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва туман судларининг судьялари таништирилди.

Ушбу методологияда судьялар учун суд ишларини юритиш амалиётида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш масалалари ўз аксини топган. Ушбу қўлланмада қайд этилишича озодликдан маҳрум қилиш – энг кўп ишлатиладиган жазо турларидан бўлиб, уни қўллаш қатор салбий ҳолатларни, жумладан, маҳкум оиласининг моддий аҳволига, оилаларнинг парчаланишига, шунингдек, шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатларга оид кўникмаларга эга бўлишига, жиноятнинг такрорланишига олиб келиши мумкин.

Семинар давомида иштирокчилар суд ишларини юритишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш бўйича ишлаб чиқилган услубият билан танишиш билан бирга уни такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати