Ўтган йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида бу борада самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмларнинг татбиқ этилиши орқали қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолини қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш, қийноқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби қатор йўналишларда салмоқли натижаларга эришилди.
Қолаверса, жиноят содир этиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамюртларимизнинг авф этилиши ва уларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашиш, “Меҳр” операциялари доирасида уруш ўчоқларидан аёллар ва болаларни қайтариш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан кўп бора эътироф этилди.
Ўтган беш йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти фаолиятида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, Омбудсман фаолиятининг қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, унинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайди, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм жорий этилди. Табиийки, бу чора-тадбирлар туфайли Омбудсманнинг халқаро майдондаги позицияси ҳам мустаҳкамланди.
Шу кунларда кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида бу борадаги хайрли ишларни изчил давом эттириш ва юқори босқичга кўтариш билан боғлиқ муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Жумладан, инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш мақсадида маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, бу йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий таъсир кўрсатиш, шу жумладан, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ чораларни қўллашда қонунийликни сўзсиз таъминлаш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш орқали жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам устуворлик берилган.
Жиноий қонунчиликни либераллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш билан бирга қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш ва ушбу йўналишда махсус қонун қабул қилиш, жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш масалалари ҳам Тараққиёт стратегиясининг муҳим мақсадларидан саналади.
Келгусида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ташкил этилаётган мониторинг ташрифлари орқали у ердаги шароитларни халқаро стандартларга мослаштиришга эътибор янада кучайтирилади. Қолаверса, қийноққа учраган шахсларга амалий кўмак кўрсатиш, қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш ҳамда унинг тартибини ишлаб чиқиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Бу жуда муҳим. Зеро, ҳар қандай жабрланувчи қийноқ ёки шафқатсиз муомала учун тезкор, адолатли ва тенг компенсация олиш ҳуқуқига эга.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасида яна бир муҳим мақсадлардан бири сифатида давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш вазифаси белгиланган. Бунда асосий эътибор вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқарога хизмат қилишга йўналтиришга қаратилади. Ушбу масала ниҳоятда катта аҳамиятга эга эканини ҳаётнинг ўзи яққол ифодалаб турибди. Буни Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилидан ҳам кўриш мумкин. Мурожаатларда аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг кўпчилиги айнан қуйи ижро органларининг масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги оқибатида келиб чиқаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Тараққиёт стратегияси доирасида Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга ҳам устуворлик берилмоқда. Парламент томонидан мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини назоратга олиш, жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш, натижасига мувофиқ уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш механизмининг амалга оширилиши парламент назоратининг таъсирчанлигини янада оширади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, парламент палаталари билан ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Жумладан, мурожаатлар таҳлили ва ўтказилган мониторинг ташрифлари орқали мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг эшитувларини ташкил этиш, сайёр қабуллар уюштириш билан бирга қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан кенг фойдаланади. Ошкоралик ва очиқлик тамойиллари фаолиятимиз асоси бўлади.
Маълумки, ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан Парламентимиз томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинган эди. Мазкур Конвенция ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглик асосида барча ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишни рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Эндиликда ногиронлиги бўлган шахсларга етарли шарт-шароитларни яратиш борасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Бунда имконияти чекланган шахсларнинг мавжуд шароитлардан фойдаланиши, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, тенглик ва камситмаслик каби қатор муҳим масалалар қамраб олиниши лозим.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасида аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилган. Мамлакатда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш йўналишида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини уч баравар ошириш вазифаси ҳам эътибордан четда қолмаган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканлиги нуқтаи назаридан хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекисоннинг Тараққиёт стратегиясида мамлакатимиз инсон қадрини юксалтириш борасида келгуси беш йиллик учун муҳим вазифа ва мақсадларини белгилаб олган. Уларни амалга ошиши учун эса ҳар биримиз масъулдирмиз. Зеро мамлакатимиз келажаги ва ривожи учун ҳамжиҳатлигимиз ва бирдамлигимиз муҳимдир.
Феруза ЭШМАТОВА,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)