Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болаларни ғаразли ахборот хуружларидан ҳимоялаш бугуннинг долзарб вазифаси
2022 йилнинг 8 февраль куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил А. Юнусова “Халқаро хавфсиз интернет куни”ни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги ва ЮНИСЕФ томонидан ташкил этилган давра суҳбатида маъруза билан иштирок этди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болаларни онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялардан хавфсиз фойдаланиш соҳасида Ички ишлар вазирлиги ва ЮНИСЕФ ўртасидаги ҳамкорлик режаларини қўллаб қувватлади ҳамда ўз муносабатини билдирди.

Ахборот хавфсизлиги, мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш бизнинг фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этмоғи лозим. Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, шиддатли ва айни пайтда ўта мураккаб замонда яшамоқдамиз. Мутахассислар бу тезкор даврни «оммавий ахборотлашув» ёхуд «глобаллашув асри» деб аташмоқда. Боиси ер юзининг қайсидир бир чеккасида юз берган воқеадан бир неча сония ичида бутун дунё аҳли хабар топмоқда. Бу эса шубҳасиз, ҳаётимизда интернетнинг ўрни ва роли нечоғли ошиб бораётганидан далолат беради.

Маънавий таҳдид ва ёшлар онгини эгаллашга қаратилган ахборот хуружлари кун сайин авж олмоқда. Ахборот хуружларининг ёлғон ахборот тарқатиш, ижтимоий онгни манипуляция қилиш, миллий-маънавий қадриятларни емириш, менталитетга мутлақо ёт бўлган қадриятларни тарғиб этиш, халқнинг тарихий хотирасини бузиш ва ўзгартириш, кибертерроризм каби турлари кенг тарқалмоқда.

Жаҳонда кечаётган бугунги мураккаб вазиятда жамиятни турли ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш баробарида, юртдошларимизнинг қувонч ва ташвишларини холис ёритиб бориш, ёш авлодни эзгу қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлашга даъват этиш ҳар биримизнинг асосий бурчимизга айланиши зарур.

Юртимизда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиб, болаларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунининг 16-моддасида боланинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатлари белгиланди. Унга кўра, ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Шу билан бирга порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни билан болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунларда беҳаёлик, шафқатсизлик ва зўравонлик ҳақида, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этишларига сабаб бўлувчи адабиётлар ва фильмларни тарқатишни чекловчи қатор нормалар мавжуд бўлиб, ушбу ҳолат бўйича жиноий ҳамда маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Бугунги глобаллашув жараёнларида ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиб бўлмаслиги, бироқ, фарзандларимизни чалғитишга, тўғри йўлдан тойдиришга қаратилган информацион таҳдидлардан, ғаразли ахборот хуружларидан ҳимоялаш чораларини кўришимиз долзарб вазифадир – деди, Болалар Омбудсмани.