Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил институт сифатидаги аҳамияти ошди, Омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилди, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколати ва ҳудудлардаги иштироки кенгайди.
Тадбирда қайд этилганидек, 2021 йилда Омбудсман номига фуқаролардан 16559 та, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муасссасаларидан 2120 та, хорижий давлатлардан 59 та мурожаат келиб тушган. Уларга тегишли тартибда ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилган.
Шу билан бирга, Омбудсман томонидан киритилган тақдимномалар вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган мажлисларида муҳокама қилиниб, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ижро интизоми талабларини бузган ва ўз фаолиятида масъулиятсизликка йўл қўйган 82 нафар ходимга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси, 9 нафар ходимга нисбатан “жарима” интизомий жазо чораси қўлланилган, 8 нафар ходим эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган.
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бир қатор таклифларни илгари сурди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.